Моҳд Фарид: Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда халқаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширишга содиқдир
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари Малайзия кенг жамоатчилиги томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда.
Малайзия исломни тушуниш институти қошидаги Шариат, фиқҳ ва сиёсат маркази директори Моҳд Фарид Моҳд Шаҳран шу бўйича фикрларини билдирди, деб хабар берди “Дунё” манбаси.
— Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашда муҳим чораларнинг тезкорлик билан қабул қилиниши ва ҳукуматнинг қатъий тутуми ўз ваколатлари доирасида халқни ҳимоя қилишга қодир марказлашган давлатни кўриш имконини берди, — деди М.Фарид. — Шу сабабли, Ўзбекистонда бугун коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари дунёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда сезиларли даражада қуйи кўрсаткичда.
Пандемия дунё иқтисодиётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон эса ушбу вазиятда коронавирус эпидемиясининг мамлакат саноати, ишлаб чиқаришига салбий таъсирини камайтириш мақсадида Инқирозга қарши курашиш махсус жамғармасини ташкил қилди. Бунинг учун бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратилди. Бу давлат раҳбарининг оқилона сиёсати ва келажакни олдиндан кўра билиш қобилиятидан далолат.
Бундан ташқари, мамлакатда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил қилиш орқали давлат ва хусусий секторнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имкони яратилди.
Шу кунга қадар Ўзбекистон яқин ва қўшни, коронавирусдан жиддий зарар кўрган мамлакатларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Бу ўзбек халқининг олийжаноблиги ва инсонпарварлигининг яна бир тасдиғи.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этиб, пандемияга қарши курашиш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг эпидемиологик таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда минтақавий, халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширишга содиқлигини кўрсатди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг