Модулли боғча: қулай, хавфсиз, замонавий
Фото: Халқ сўзи
Сирдарё вилояти Сардоба туманида мактабгача таълимнинг муқобил шакли ҳисобланган модулли боғча бор.
У бир-бирига уланган олтита денгиз контейнеридан иборат бўлиб, кичкинтойлар учун қулай мебель, болалар ақлий салоҳиятини ривожлантирувчи ўйинчоқлар, ўқув воситалари билан жиҳозланган ва кенг ўйин майдончасига эга. Шу ўринда таъкидлаш керакки, модулли мактабгача таълим ташкилотлари лойиҳасини ишлаб чиқиш давомида Россия, Швеция ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибалари ўрганилган. Модулли бинолар экологик тоза, соғлик учун хавфсиз материаллардан тайёрланган. Унда ҳар қандай иқлим шароитида мўътадил ҳароратни сақлашга имкон берувчи қўшимча иссиқлик изоляцияси мавжуд. Шунингдек, электр энергияси, сув таъминоти, кондиционер, иситиш ва ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимлари билан тўлиқ таъминланган.

Маълумки, янги мактабгача таълим ташкилотини барпо қилиш учун кўп вақт ва харажат талаб этилади. Модулли боғча иншоотлари эса икки ой ичида тайёр бўлади ва ишга туширилади. Натижада 70 фоиз харажат тежалади.
Ҳозирда Сардобадаги модулли боғчада 90 нафар болажонга 19 нафар педагог-тарбиячи сабоқ бермоқда. .
Эътиборли томони, қўшимча контейнерларни бириктириш эвазига боғчани янада кенгайтириш имконияти бор. Қолаверса, ихчамлиги сабабли ҳар қандай инфратузилма билан мослашади. Зарур ҳолларда бошқа жойга кўчириш ҳам мумкин.
Сардоба туманида бугунги кунда давлат ва нодавлат МТТ сони 164 тага етган. Уларга 12 мингдан зиёд 3-7 ёшдаги болалар қамраб олинган. Бу ҳақида Сирдарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган медиа-турда айтиб ўтилди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг