ММА: Илк бор ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати тафсилотлари

07:40 13 Март 2020 Спорт
2674 0

12-15 март кунлари пойтахтимиздаги Ўзбекистон спорт мажмуасида аралаш жанг санъатлари бўйича ёшлар ва катталар ўртасида илк маротаба Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон чемпионати дастурига кўра дастлабки куни 16-17 ёшгача бўлган ўсмирлар 9 вазн тоифасида баҳс олиб борадиган бўлса, 13-15 март кунлари 18 ёш ва ундан катталар чемпионлик йўлида ўз маҳоратлари намойиш этишади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Юртимизда аралаш жанг санъатлари бўйича илк бора бу каби мусобақа ташкил этилаётганлиги боис чемпионатда қатнашиш истагида бўлган яккакурашчилар кўпчиликни ташкил этмоқда. Чемпионат олдидан эса ҳакамлар учун махсус амалий ва назарий семинар ўтказилиб уни россиялик етакчи мутахассис, халқаро тоифадаги ҳакам Максим Протасов олиб борди ва юртимиз ҳакамларига жанг қай тарзда ўтказилиши, қоидалар, муҳим вазиятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Турнирда 14 та жамоа жами 200 нафарга яқин ҳаваскорлар иштирок этишмоқда. Албатта авваллари мамлакатимиз аралаш жанг санъати вакиллари халқаро мусобақаларда қатнашиб келишган ва эндиликда шундай имконият ўзимизда, ўз уйимизда ўтказилаётганлиги спортчилар учун кенг имкониятлар яратади.

Энди бевосита ёшлар ўрасидаги баҳсларга тўхталиб ўтадиган бўлсак улар: 52 кг, 57 кг, 61.2 кг, 65.8 кг, 70.3 кг, 77.1 кг, 83.3 кг, 93 кг, 120.2 кг, вазн тоифаларида ўз маҳоратларини намойиш этишади.

Катталар эса: 52.2 кг, 56.6 кг, 61.2 кг, 65.8 кг, 70.3 кг, 77.1 кг, 83.9 кг, 93 кг, 120.2 кг, +120 кг вазнларда жангга киришади.

Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари 15 март куни маълум бўлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер