Мирзачўлдан поезд қатнай бошлади
Жиззах–Мирзачўл–Жиззах йўналишида шаҳарлараро поезди қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот хизмати "Халқ сўзи Online"га маълум қилди.
Унда қайд қилинишича, масофанинг умумий узунлиги 80 километрдан иборат бўлиб, поезд Жиззах вокзали ва Иржар станцияси оралиғида ҳаракатланади. Ҳаракат вақти 2 соату 10 дақиқани ташкил этади. Поезд вилоятнинг Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини ўзаро боғлаб, ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун кўплаб қулайликларни тақдим этади.
Қатнов жадвали ушбу йўналишда истиқомат қилувчи аҳолининг талаб ва истакларини ўрганиб чиқиб тузилди. Поезд йўналиш бўйича кунига бир маротаба қатъий жадвал асосида амалга оширилади. Яъни, тонги соат 6:00 да Мирзачўлдан йўлга чиқиб, соат 8:10 да Жиззах вокзалига кириб келади. Кечки соат 19:00 ортга қайтиб, 21:10 да Иржар станциясига кириб боради. Поезд бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Чипта нархи атиги 3 минг 500 сўм. Бу йўналишлар аро қатнаётган автомобилларга нисбатан 3 баробар арзон демакдир.
Бундан ташқари яқинда Жиззах вокзали қайтадан реконструкция қилинди. Бу ерда йўловчиларга халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган сервисни ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Вокзалда кутиш зали, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари мавжуд бўлиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Вокзалнинг олди ва шаҳарга чиқиш қисмида электрон соатлар, электрон кўрсаткичлар ўрнатилган.
Шунингдек, Жиззах–Мирзачўл–Жиззах йўналишидаги станциялар ҳам қайта таъмирланди. Йўловчиларга сифатли сервис хизмати кўрсатиш бўйича барча шароитлар яратилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг