«Мирфозил»да маҳалла кутубхонаси очилди
Фото: Халқ сўзи
Президентимизнинг ўтган йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ёш авлодни илм-маърифатли ҳамда ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашда китобхонликнинг ўрни муҳим экани таъкидланган эди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Фарғона вилоятида, жумладан, Олтиариқ туманида аҳоли, айниқса, ёшлар гавжум бўладиган савдо мажмуалари, умумий овқатланиш шохобчалари, маҳалла гузарларида мўъжазгина кутубхоналар ташкил этилмоқда. Эзгу ташаббус доирасида туман марказида ўнлаб тадбиркорлик субъектларида ана шундай кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Туманнинг «Мирфозил» МФЙда яна бир зиё маскани тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
— Айни пайтда маҳалламиздаги 562 та хонадонда қарийб 3 ярим минг аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 740 нафари ёшлардан иборат, — дейди маҳалла фаоли Мирзоҳид Шаропов. — Бугун кутубхонага 550 та китоб жамланмаси туҳфа этилди. Яқин вақт ичида ўзбек ва жаҳон адабиёти, ўқув, илмий китоблар ҳисобига кутубхонамиз фондини янада бойитишни мўлжаллаяпмиз.
Шунингдек, турли ёш вакилларини китобхонликка кенг жалб этиш учун танловлар, маънавият акциялари ўтказиб бориш ҳам режалаштирилмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг