Мингтепа синоати
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятида мавжуд 500 га яқин тарихий-маданий объектлар нафақат ҳамюртларимиз, балки хорижий сайёҳларнинг ҳам эътиборини жалб этаётгани шубҳасиз. Мингтепа археологик ёдгорлиги ана шундай муқаддас қадамжолардан биридир.
Мингтепа Андижон шаҳридан 38 км узоқликда, Марҳамат туманининг марказида жойлашган. Тарихий манбаларда келтирилишича, милоддан аввалги 140 йилларда Хитойдаги Хан сулоласи ҳукмдорларидан бири элчи ва сайёҳ Чжан Сянни юборади. Унинг саёҳат битикларида бу ерда Эрши шаҳри бўлгани қайд этилади. Эршида ҳунармандчилик ривожланган бўлиб, Буюк ипак йўлида савдо марказларидан бири сифатида тараққий топган. Бу шаҳар харобаси ички ва ташқи қалъалардан иборат бўлиб, ички қалъанинг ўзи 41,2 гектар, ташқи қалъа 300 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.
Эрши шаҳри юзлаб (балки ундан ҳам кўп) баланд адирликлардан иборат бўлгани боис кейинчалик «Мингтепа»номини олган. Ҳозирда бу ерда хорижлик мутахассислар билан биргаликда ўрганиш ишлари давом этмоқда. Андижон вилоятида рўйхатга олинган маданий мерос объектларининг учдан бир қисми айнан мана шу манзилда жойлашган. У ердан топилган ноёб топилмалар Мингтепанинг марказлашган шаҳар бўлганини исботламоқда. Асори атиқалар тарихий манбалар ҳунармандчилик, тоштарошлик, кулолчилик жуда яхши ривожланганлигидан далолат беради.
— Сўнгги йилларда тарихий жойларни ўрганишга бўлган эътибор янада ортди, — дейди «Мингтепа-маданий мероси» жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов. — 2015-2016 йиллари ўзбек-хитой экспедицияси 2 метрдан зиёд ер остидан бўйи 1,7-2 метр келадиган, айримлари ҳимояланган, хумлар жойлашган захира омборини топишга муваффақ бўлди. Қазилма ишлари олиб борилган пайтда устахоналар харобалари, ички шаҳар ғарбий дарвозаларининг қолган қисми ва ташқи шаҳар шарқий девори ёнидан қабристон топилган. Бу 300 гектардан ортиқ ер остида қолиб кетган қадимий шаҳарни очишга қўйилган биринчи қадам эди.
Айтиш жоиз, Марҳамат туманининг ўзида сайёҳлик йўналишида самарали хизмат қилиши мумкин бўлган 70 дан ортиқ масканлар мавжуд. 10 дан ортиқ зиёратгоҳ, 30 дан зиёд шифобахш булоқлар, ўнлаб тарихий ва замонавий масканлар шулар жумласидандир. Улар орасида Мингтепа ўзининг бой тарихи билан муҳим аҳамиятга эга. Шуниси аниқки, бу ерда ҳали тупроқ остида бизга маълум бўлмаган кўплаб тарих синоатлари яширин.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг