Минг экспонатли қишлоқ музейи
Фото: Халқ сўзи
Бундан олти асрдан кўпроқ вақт аввал аждодларимиз истиқомат қилган ва ўз даврида Фарғона водийсининг пойтахти ҳисобланган Янги Ахси харобаларини ўрганиш натижасида топилган тарихий ашёлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Уларнинг аксарияти бу ерда маҳаллий аҳоли ташаббуси билан ташкил этилган осори атиқалар музейидан ҳам жой олган. Мингдан ортиқ экспонатдан иборат хазина ичида эрамиздан аввалги I-XII асрларга оид рўзғор буюмлари, Темурийлар даврига мансуб сопол лаган, хумча, тиғи тошни кесадиган машҳур Дамашқ қиличларидан тортиб Хитой императори томонидан Офоқхўжа эшонга совға қилинган қимматбаҳо сувдонгача бор.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани қишлоқлари аҳли, яқин орадаги манзиллар ва олис хориждан келувчи сайёҳлар учун кўҳна тарихдан тасаввур берувчи маскан бисотини бойитишда қадимшунос мутахассислардан ташқари маҳаллий аҳоли ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Яқинда яккатомлик кекса ёшдаги фуқаролар томонидан топширилган ўттизга яқин нодир китоблар жамланмаси бунинг тасдиғидир. Музей раҳбари, араб тилини мукаммал билувчи мутахассис Билолхон Рустамов томонидан китоблар қисман татқиқ қилинганда улар орасида 1200 йил аввал битилган Калом илми - ақоид, калом фалсафасига оид ноёб китоб борлиги аниқланди.
— Зеру забарсиз ёзилган ушбу китоб бизга ислом цивилизацияси марказида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусъҳафини эслатади. Бу услубда фақат VII -VIII асрларда китоб битилган. Ундан сўнг зеру забар билан ёзилган. Шу омил бизга ушбу китобнинг қадимийлигидан далолат бериб турибди, — дейди Б. Рустамов.
Муаллифи Абулфайз Файзий бўлган, табобат, дуо, вирдлар тўпламидан иборат XVI асрга оид қўлёзма ҳам аҳамиятлилиги жиҳатидан биринчи топилмадан кам эмас. У Султонил Аъзам ва ҳоқонил Акрам Абулфатҳ Жалолиддин Муҳаммад Акбар подишоҳул Ғозий учун иншо этилган. Бу ҳукмдор шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг набираси Буюк Акбардир.

Янги қабул қилинган адабиётлар орасида XVII - XIX асрларга оид тариқат одоблари ҳақида «Танбеҳоти дарвешия», «Қиссаи Иброҳим Адҳам», «Қиссаи Имоми Хасан Имоми Хусан», фиқҳ, масъала, яшаш одоблари ҳақида «Салоти Масъудий», тарихга оид катта босма китоб, «Чор китоб», Пайғамбаримиз сийратлари ҳақидаги «Сияри Шариф»китоби (туркий шарҳи билан), Абулқосим Фирдавсийнинг «Шохнома» асари (ноёб суратлари билан), Фузулийнинг Санкт-Петербург назорати остида 1891 йилда Тошкентда Лахтин литографиясида босилган «Лайли ва Мажнун», Сўфи Оллоёрнинг 10 минг байтдан иборат «Маслакул муттақийн» (Тақводорларнинг йўллари) ҳамда «Маворидул Калим» китоблари мавжуд.
Олдинги ҳафта Наманган вилоятида ўтказилган «Маънавият фестивали»га пойтахтдан келган меҳмонлар ҳам Тўрақўрғон туманига ташрифни Хўжакалон Абдулмоний зиёратгоҳидан бошлаб, бу ерда жойлашган музей осори атиқаларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг