Миллий банк раиси Ўзбекистон теннис федерациясига раҳбар бўлди

19:52 06 Март 2020 Спорт
2067 0

Фото: МОҚ

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида 6 март, жума куни Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раҳбар сайланди.

Конференцияни Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби, Осиё теннис федерацияси вице-президенти Ирода Тўлаганова олиб борди. Федерациянинг янги раҳбарлигига Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Мирсоатов номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари номзодни бир овоздан маъқуллади ва Алишер Мирсоатов Ўзбекистон теннис федерациясининг янги раиси деб эълон қилинди.

Федерацияни узоқ йиллар бошқариб келган Рустам Иноятов МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмоновнинг таклифига кўра ташкилотнинг фахрий президенти этиб сайланди.

Шундан сўнг, федерациянинг янги раҳбари Алишер Мирсоатов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Теннис менинг энг севимли спорт турларимдан бири. Аввалги раҳбарият профессионал иш олиб борди. Энди мендан 2-3 баробар самарали ишлаш талаб этилади. Бу жамоа билан бор куч-ғайратимни бериб ишлашга ваъда бераман. Биласизми, телевизорда байроғимизнинг юқори кўтарилгани, мадҳиямиз янграганини эшитганимда қалбим фахр ва ғурурга тўлар эди. Энди мана шундай ғалабаларимиз теннис билан янада кўпайиши йўлида астойдил меҳнат қиламиз. Муҳтарам президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлаш йўлида қаратаётган эътиборлари билан барча нарсага эриша оламиз”, – деди Алишер Мирсоатов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер