Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир! Мамлакатимизда ушбу шиор остида Ватанпарварлик ойлиги юксак савияда ўтказилди

12:07 16 Январь 2023 Жамият
892 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига асосан «Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!» шиори остида юртимиз бўйлаб Ватанпарварлик ойлиги юксак савияда ўтказилди.

Ойлик давомида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида миллий ғурурни камол топтириш, ҳарбий қисмларга ташрифлар ташкил этиш орқали мудофаа тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни яқиндан таништириш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари бардавомлиги таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган байрам тадбирлари эса ойликнинг ёрқин таассуротларга бой саҳифаларидан бирига айланди.

Шу куни эрта тонгдан Термиз шаҳридаги Хотира майдонига Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, офицер, сержант ва ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ҳамда жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди. Улар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилганларни ёд этди.

Шундан сўнг асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги Санъат саройида бўлиб ўтди. Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини Сурхондарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов ўқиб эшиттирди.

Табрикда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тинч ва осойишта ҳаётимиз кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда. Ҳарбий хизматларни уй-жой билан таъминлаш, маиший шароитини яхшилаш доимий эътибор марказида.

Ватанпарварлик ойлиги давомида навқирон авлодимизни бугунги ахборот маконида мавжуд таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда ёт ва зарарли ғояларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар ўртасидаги тарбиявий ишлар самарадорлиги оширилди. Табиийки, ушбу вазифаларни бажаришда «Халқ ва армия бир тану бир жондир!» деган тамойилдан келиб чиқиб, ҳарбий-маъмурий секторлар ва кенг жамоатчилик фаоллик кўрсатди.

Самарқандда эса сана муносабати билан байрамнинг асосий тантанаси вилоят марказидаги Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Унга Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиб, Ватан ҳимоясидек шарафли ишда камарбаста бўлиб келаётган фидойи ходимлар, ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари ҳамда фахрийлар таклиф этилди.

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги томонидан мукофотланди, шунингдек, фаол ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Байрам тадбири санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар билан давом этди.

Хоразмда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар, мудофаа ишлари бошқармаси ва Урганч ҳарбий прокуратурасига байрам совғаси сифатида замонавий компьютерлар топширилди. Шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришда юқори касбий маҳорати билан ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари вилоят ҳокимининг совғалари билан тақдирландилар.

Урганч шаҳрида мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган ходимларга янги уйлар калити топширилгани ўнлаб ҳарбийлар оилаларига қўшалоқ байрам қувончини олиб кирди.

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер