Милан яқинидаги кимё заводида йирик ёнғин юз берди
Фото: Reuters
Италиянинг Сан-Жулиано Миланезе шаҳрида эритувчи моддаларни қайта ишлаш ва хавфли чиқиндиларни йўқ қилиш билан шуғулланувчи "Nitrochimica" компаниясида кучли ёнғин содир бўлди.
Италия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 100 дан ортиқ фавқулодда вазиятлар ходимлари саноат мажмуасида содир бўлган катта ёнғинни бартараф этишга жалб этилган.
«Жуда кўп миқдорда суюқ эритувчилар бўлган материалнинг табиати туфайли вазият анча мураккаб», дейди ўт учирувчилардан бири.
Ёнғинга қарши курашиш учун етарли миқдорда ўт ўчириш кўпики билан таъминлаш учун бошқа ҳудудлардан ҳам ўт ўчириш бригадалари чақирилди.
Уч киши оғир жароҳат олган. Улар касалхонага олиб кетилган. Маълум қилинишича, жабрланганлардан бирининг ҳаётига хавф туғдирадиган куйишлар бор. Енгил жароҳатлар олган 15 нафарга яқин одамга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилди.
«Биз портлаш овозини эшитдик. Кейин дарҳол аланга олди ва биз у ердан қочиб кетдик», дейди ишчилардан бири маҳаллий матбуотга.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тутунни 10 километр узоқдан ҳам кўриш мумкин. Маҳаллий аҳолига эшик ва деразаларини ҳозирча ёпиқ сақлаш тавсия қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин тасодифий келиб чиққан. Ҳуқуқ-тартибот идоралар суриштирув бошлаган. Италия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хизматининг минтақавий бошқармаси вазият назоратда эканини билдириб, ҳозирча ҳеч қандай экологик фалокат юз бермаганини маълум қилди. Аммо тозалаш ишлари тезлиги ва об-ҳавога қараб вазият ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг