Метеорологлар ҳаво сифати глобал даражада ёмонлашишидан огоҳлантирмоқда
Иллюстратив фото
Давом этаётган глобал исиш атмосферани ифлослантирмоқда ва тобора кучли иссиқлик тўлқинларини келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг янги ҳисоботида айтилди.
Ташкилот экспертларининг фикрича, ҳаддан ташқари иссиқлик ўрмон ёнғинларини кучайтирмоқда, унинг тутуни миллионлаб одамларнинг нафас олиши учун ҳавони хавфли қилмоқда. Қурғоқчилик туфайли атмосферага катта миқдордаги қумли чанглар кўтарилмоқда.
“Ўрмон ёнғинлари тутуни нафақат ҳаво сифати ва соғлиғига таъсир қиладиган, балки ўсимликлар, экотизимлар ва экинларга зарар етказадиган кимёвий моддалар аралашмасини ўз ичига олади ва атмосферага кўпроқ карбонат ангидрид чиқиндиларини ва шунинг учун кўпроқ иссиқхона газларини олиб келади”, дейди тадқиқот муаллифи, доктор Лорензо Лабрадор.
Бундан ташқари, юқори ҳарорат одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар учун зарарли бўлган ер сатҳида озонли тутун ҳосил бўлишига ёрдам беради. Бу омиллар биргаликда нафақат аҳоли саломатлигига, балки озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.
Глобал миқёсда озон таъсирида асосий озиқ-овқат экинларининг ҳосил йўқотилиши ўртача 4,4-12,4 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳиндистон ва Хитойнинг асосий қишлоқ хўжалиги ҳудудларида эса бу кўрсаткич 15-30 фоизга етган.
Олимларнинг таъкидлашича, иссиқлик ва ҳавонинг ифлосланиши, айниқса, катта шаҳарлар аҳолиси учун катта хавф туғдиради. Кўп қаватли бинолар шамолнинг табиатига ва атроф-муҳитнинг ўртача ҳароратига таъсир қилади ва бу “иссиқлик ороли” деб аталадиган эффектни келтириб чиқаради. Шу сабабли, мегаполисларда шаҳар ташқарисига қараганда ҳарорат 9 даража иссиқроқ бўлиши мумкин. Бу шуни англатадики, шаҳар аҳолисининг касалланиши ва ўлими иқлим омиллари таъсири остида ўсишда давом этади.
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти бош котиби, профессор Петтери Тааласнинг таъкидлашича, мутахассислар 2023-йилда рекорд даражадаги энг иссиқ ёзни қайд этгани учун иқлим ва ҳаво шароитлари янада ёмонлашишини кутишмоқда. Канада, АҚШ ва Ўрта ер денгизи минтақасида ўрмон ёнғинлари кенг ҳудудларни қамраб олган, ёнган дарахтлардан чиққан тутун Арктикагача етиб борган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг