“Меҳрибон юрак” ларга минг бора раҳмат!
Навоийлик ёшларнинг “Меҳрибон юрак” мега акцияси ёдингиздами?!.
Ушбу акция Республика Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида бошланиб, турли кўринишдаги юрак хасталигидан азият чекаётган 300 нафарга яқин болани вилоятда даволаш, зарур бўлса жарроҳлик амалиёти ўтказиш мақсадида ташкил этилган эди. Ундан жамғарилган ҳомийлик маблағлари юрак хасталигига чалинган болаларни жарроҳлик операциясига тайёрлаш ҳамда ундан кейинги муолажаларга йўналтирилиб, операциянинг ўзини эса мутлақо бепул амалга ошириш белгиланган эди.

Акция доирасида вилоятда ихтиёрий донорлик, яъни беғараз қон топшириш, бемор болаларни операция олди тиббий кўригидан ўтказиш ва унга тайёрлаш ҳамда бошқа бир қатор тадбирлар ўтказилди.
- Мазкур акциямиз кенг жамоатчиликни бефарқ қолдирмаётганлиги қувонарли ҳол, - дейди иттифоқнинг Навоий вилоят Кенгаши раҳбари Жамшид Ходжаев. – Унда йирик тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда хорижда таълим олаётган ёшларимиз, меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳам иштирок этишмоқда. Куни кеча исми шарифи ошкор этилмаслиги шарти билан навоийлик тадбиркор 50 миллион сўм маблағи билан мазкур акцияга ўзининг ҳиссасини қўшди. Муҳими, акция эзгулик, меҳр-оқибат каби халқимизнинг азалий қадриятларини яна бир бор ҳаракатга келтирди.

Мазкур акция доирасида жорий йил ниҳоясига қадар саккиз нафар бола юрагида мураккаб жарроҳлик операциясини ўтказиш белгиланган эди. Куни кеча улардан икки нафари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида АИК сунъий қон айлантириш аппарати ёрдамида операция қилинди.
- Биринчи галда зудлик билан операция қилиш зарур бўлган болалар аниқланди, - дейди марказ бош шифокори Мурод Аҳмедов. – Чунки мазкур хасталикларда нафақат ҳар бир кун балки ҳар бир соат ғанимат.

Таъкидлаш жоизки, вилоятдаги ушбу илк жарроҳлик амалиёти кам таъминланганлар ва уларнинг фарзандлари учун бепул амалга оширилди.
- Фарзандим туғма юрак нуқсонидан азият чекарди, - дейди нуроталик Амриддиннинг онаси Мунаввар Эрамбоева. –Бироқ оилавий шароитимиз операция қилишга имкон бермасди. Дори-дармон билан бир иложини қилиб, жон ҳовучлаб яшардик. Минг қатла шукур, мана операция муваффақиятли ўтди. Энди яна бир ой врачлар назоратида туриб, ундан кейин беморлар рўйхатидан чиқарилар экан. “Меҳрибон юрак”ларгаминг марта раҳмат!
Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг