Меҳр қолур, муҳаббат қолур: Бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун
Ватан ҳақида айтилган биргина оловли сўз қалбни ларзага солиши, мудроқ туйғуларни уйғотиши мумкин.
Шоирлар бор, адиблар бор – она заминни, ота тупроқни шундай ёниқ қалб, ёниқ мисралар билан таърифлайдилар. Уларнинг ёзганларида ҳароратни туясиз. Муҳаммад Юсуф ана шундай бетакрор ижодкор эди. У ўтли мисралари билан миллионлаб қалбларда Ватан суратини чиза олди. Шоир ўз шеърида “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” дея эътироф этгани бугун ўз исботини топаётгандай. Унинг меҳр ва муҳаббат тўла улкан шеърияти етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган шеърхонлар тилидан тушмайди, дилларида акс садо бериб турибди.
Иқрор
О, ота маконим.
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянга.
Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,
Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.
Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,
Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.
Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин.
Ё худбинман мен, ё бир содда касман мен –
Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат —
Уч кунда соғинсам нима қилайин,
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Сен билан ўтган ҳар кун байрам — базм,
Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг