Меҳр-оқибат ва қадр-қиммат байрами
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳридаги «Афросиёб» тантаналар мажмуасида анъанавий «Уч авлод учрашуви» маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга шаҳар ва туманлардан ибратли оила соҳиблари, нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ҳамда навқирон авлод вакиллари таклиф этилди.
Тантанада Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров барчани яқинлашиб келаётган Наврўзи олам билан самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирди. Халқимизга хос миллий қадрият ва анъаналарни кўз қорачиғидек асраш ва кенг тарғиб этишда «Уч авлод учрашуви» сингари маърифий суҳбатларнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.

— Муҳтарам Президентимиз ташаббуси «Инсон қадри улуғ» тамойили асосида мамлакатимизда ҳар бир оилага, инсонга алоҳида эътибор ва меҳр кўрсатилаётгани ғоятда қувонарлидир, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси Ботир Темиров. — Уч авлод учрашувлари кейинги йилларда ширин дийдор, қадр-қиммат байрамига айланиб улгурди. Ўзаро меҳр-оқибатни улуғловчи бундай мулоқотлар доимий равишда ўтказиб борилиши зарур.
Бир пиёла чой устидаги мароқли суҳбат давомида фахрийларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Вилоят санъат усталари, ёш истеъдодлар иштирокида гала-концерт ва театрлаштирилган байрам томошаси тадбирга янада файз бахш этди.
Хоразм вилоятида кўп йиллик фидокорона меҳнати билан эл-юрт ҳурматини қозонган нуронийлар, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўрта авлод вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирокида ўтган «Уч авлод учрашуви» эса Хива шаҳрида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил қилинган кўчат экиш тадбири билан бошланди.

Учрашув Урганч шаҳрида бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлар билан давом этди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар ҳақида тўхталдилар.
Шу заминда туғилиб, ҳалол меҳнати билан халқимиз эъзози, давлатимиз эътиборига сазовор бўлган элдошларимизнинг ҳаёт йўллари ҳақидаги тарихий видеолавҳалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Вилоят санъат усталари ижросидаги маданий дастур барчага хуш кайфият бағишлади.
Ботир МАДИЁРОВ,
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг