Меҳнатобод аҳлининг 20 йиллик орзуси амалга ошди
Асака туманидаги “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли 20 йилдирки, тоза ичимлик суви таъминотидан қийналиб келаётган эди.
— Маҳалламиз адирликда жойлашганлиги сабабли Амир Темур, Янги чек ҳамда Меҳнатобод кўчаларига сув чиқмас эди, — дейди ушбу маҳаллада яшовчи Эргашхон Суюнова. — Бу вақт мобайнида узоқ масофалардан сув ташиб келишга тўғри келарди. Ҳозирга келиб эса ҳар бир хонадонга сув қувурлари олиб кирилди. Натижада рўзғоримизга барака кирди. Ҳар қатраси тиллога тенг обиҳаётни тежаб-тергаб, исроф қилмасдан фойдаланяпмиз.
Ҳозирда “Меҳнатобод” МФЙда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг обиҳаётга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида 3 километр масофага янги қувур тортилди ва ичимлик суви муаммосига барҳам берилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг