Меҳнат мигрантлари ҳолидан хабар олинди

08:57 29 Июль 2022 Жамият
617 0

Фото: Халқ сўзи

Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят бўлими, вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамда бошқа тегишли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Россия Федерациясининг Мурманск вилояти ва Санкт-Петербург шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритаётган меҳнат мигрантлари билан учрашдилар.

Сафардан кўзланган асосий мақсад узоқ ўлкалардаги ватандошларимиз ҳолидан хабар олиш, мигрантлар учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Ташриф доирасида ишчи гуруҳ аъзолари билан Мурманск вилояти губернаторининг ўринбосари Елена Дягилова бошчилигидаги бир гуруҳ вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўртасида расмий учрашув ўтказилди. Учрашув самимий руҳда кечиб, унда меҳнат миграцияси билан бир қаторда савдо-иқтисодий, фан ва таълим, маданий ҳамда ахборот технологиялари соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари йирик иш берувчилар - "Renessans heavy industries“, «Велестрой», «Сарен» каби компанияларда ишлаётган меҳнат мигрантлари билан учрашди. Сўнг Санкт-Петербург шаҳрида 300 нафарга яқин юртдошимиз ишлаётган йирик муз саройи – «СКА Арена» қурилишида ҳам бўлиб, компания раҳбарияти ва ишчи-ходимлари билан мулоқот қилди.

Шунингдек, Всеволожский туманидаги «ЭНКА» компанияси томонидан барпо этилаётган юқори технологияларга асосланган кўп функцияли тиббий комплекс қурилиши билан танишдилар.

Маълумот учун. Ушбу объектда минг нафарга яқин юртдошимиз меҳнат қилади. Ташриф давомида меҳнат мигрантларига яратилган шароитлар, уларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилиб, вилоят делегацияси номидан эсдалик совғалари топширилди.

 

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер