Меҳнат дафтарчасини вақтида бермаслик бадали қарийб  12 миллион сўмга тушмоқда

14:08 19 Декабрь 2022 Жамият
974 0

Иллюстратив фото

Навоийлик Шоҳруҳ Ёдгоров Кармана туман фавқулодда вазиятлар бўлимига ўтган йилнинг 9 декабрида диспетчер бўлиб ишга кирган эди. Уч ойга ҳам етар-етмас жорий йилнинг 1 мартидан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, йигит янги иш ахтаришига тўғри келди.
Бироқ у ишлаган Кармана тумани туман фавқулодда вазиятлар бўлими 8-ҳарбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисми мутасаддилари меҳнат муносабатларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси талабларини бузиб, Ш. Ёдгоровнинг меҳнат дафтарчасини қайтариб беришни олти ой пайсалга солдилар.

— Амалдаги қонунчиликка кўра бундай муносабат мажбурий прогул ҳисобланади, - дейди Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ширинбек Очилов. — Шундан келиб чиқиб, бўлимимиз фуқаро Шоҳруҳ Ёдгоров манфаатини кўзлаб, жавобгар Навоий вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига нисбатан иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Суд фуқаро Ш. Ёдгоровга олти ой давомида меҳнат дафтарчасини бермаган Кармана тумани фавқулодда вазиятлар бўлимидан мажбурий прогул туфайли даъвогар фойдасига 10 млн. 868 сўм миқдорда компенсация пуллари ва 1 млн. сўм маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъвони қаноатлантирди.

Тўғриси, суд ишида вакили иштирок этмаган Навоий вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси суд қарори ижросини ҳам пайсалга соладими ёки йўқ, билмаймиз. Билганимиз, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини қайтириши шартлиги белгилаб қўйилган. Акс ҳолда ўша кодекснинг 275-моддасига кўра мажбурий прогул вақти учун товон тўлайди.

Темур ЭШБОЕВ,  “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер