Медиация низоларни ҳал этишга кўмаклашади

09:51 20 Июнь 2018 Сиёсат
3581 0

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Янги Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнь куни қабул қилинган ҳамда Сенатга юборилган. Ишчи гуруҳ Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Молия вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа манфаатдор идора ҳамда илмий доиралар вакилларидан таркиб топган.

Йиғилишда қайд этилганидек, Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, мамлакатнинг суд тизимига тушадиган босимни камайтиришдан иборат.

— Медиация, бу — низоларни холис, манфаатдор бўлмаган учинчи бир томон, яъни муайян келишувга эришишга ёрдам берадиган медиатор иштирокида ҳал этишнинг муқобил шаклларидан биридир, — дейди “Centil.law” адвокатлик фирмаси юристи Шерзодбек Масадиков. — Медиация услублари, асосан, музокараларни ҳамкорлик йўлига буриб юбориш ва ўзаро манфаатли натижага йўналтиришга таянади. Медиатор эса томонлар бир-бирининг нуқтаи назари ҳамда қарашларини тушунишига кўмаклашади, муаммонинг самарали ечимини излайди.

Қонун фуқаролик, меҳнат, оилавий-ҳуқуқий, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларда медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ қилинади. Айни чоғда жамоат манфаатларига ва медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл этиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

Медиация институти бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, хусусан, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея Республикаси, Ҳиндистонда ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Ишчи гуруҳ йиғилиши якуни бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Зиёда АШУРОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер