«Медиа ҳафталик»: Термизда йилнинг энг йирик медиа лойиҳаси ўтказилмоқда

11:31 14 Апрель 2026 Жамият
218 0

Сурхондарё вилоятида оммавий ахборот воситалари ва медиа соҳаси вакилларини бир майдонда жамлаган, янги билим ва тажрибалар алмашинувига йўл очувчи амалий тадбир — «Медиа ҳафталик» ўз ишини бошлади.

Термиз туманида жойлашган «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси бу сафар оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ҳамда давлат идоралари матбуот котибларини бир мақсад йўлида бирлаштирди. Ушбу «Медиа ҳафталик» 13 апрельдан 17 апрельга қадар давом этади.

— Ҳафталик нафақат ўқув машғулотлари, балки амалий мулоқот ва ҳамкорлик майдони сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов. — Тадбир замонавий медиамаконда юз бераётган ўзгаришларга мослашиш, касбий салоҳиятни ошириш ҳамда соҳадаги турли йўналишлар ўртасида тажриба алмашиш учун қулай муҳит яратишни мақсад қилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Дастур доирасида иштирокчилар учун бир қатор долзарб мавзуларда тренинг ва маърузалар ташкил этилмоқда. Жумладан, контент яратиш жараёнлари, босма оммавий ахборот воситаларида учраётган амалиёт ва муаммолар, операторлик ишининг ижодий жараёндаги ўрни, шунингдек, ижтимоий тармоқларда маҳаллий ва халқаро медиа ташкилотларнинг тажрибалари таҳлил қилинмоқда. Шу билан бирга, иштирокчилар ўз фаолиятини баҳолаш ва ривожлантириш мақсадида СWОТ таҳлил усули билан ҳам танишмоқда.

Мазкур лойиҳа Контент маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда турли йўналишларда фаолият юритаётган медиа вакиллари учун алоҳида ўқув йўналишлари ишлаб чиқилган. Интернет нашрлари, телевидение, босма матбуот, давлат ташкилотлари ахборот хизматлари ва блогерлар учун мўлжалланган машғулотлар бир-биридан фарқли форматда олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда глобал ахборот маконида тезкор ўзгаришлар, сунъий интеллект технологияларининг кенг жорий этилиши, ижтимоий тармоқлар таъсирининг ортиши ҳамда фейк ахборотлар оқими медиасоҳада янги ёндашувларни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, «Медиа ҳафталик» иштирокчиларга замонавий шароитларда ишлаш, ахборотни текшириш, рақамли маданият ва стратегик коммуникациялар бўйича билимларини бойитиш имконини бермоқда.

Тренинглар давомида тажрибали мутахассислар томонидан контент тайёрлашнинг замонавий усуллари, фактларни текшириш тамойиллари, ижтимоий тармоқларда самарали ишлаш йўллари ҳамда аудитория билан тўғри мулоқот ўрнатиш масалалари атрофлича ёритилмоқда. Шунингдек, реал вазиятлар асосида таҳлиллар ўтказилиб, иштирокчилар амалиётда учрайдиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Лойиҳа доирасида ҳар бир иштирокчи ўз йўналиши бўйича янги ёндашувларни синаб кўриш, касбий хатоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш усулларини ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда. Тадбир якунида фаол иштирок этганларга махсус сертификатлар топширилиши режалаштирилган.

Ҳафталик якунида эса Сурхондарё медиасоҳа вакилларини бирлаштирадиган йирик форум ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу форум келгусидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ҳудудий медиамаконни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер