Мавлавий Намангоний мақбараси обод бўлди
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Янги Наманган туманида жойлашган ушбу мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида яшаган машҳур шоир ва олим Мавлавий Муллахўжа хотирасига бағишлаб қурилган. Салкам уч аср илгари бунёд этилган иншоот сўнгги бор бундан ярим аср муқаддам таъмирдан чиқарилиб, кейинги пайтларда қаровсиз ҳолатда қолган эди. Ушбу меъморий мажмуада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Кеча реконструкция ва мукаммал таъмирдан сўнг обод тус олган ушбу мажмуа зиёратчилар учун эшигини очди. Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, секторлар раҳбарлари, фаоллар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар. Тадбирда Мавлавий Муллахўжанинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида гап борди. Якунда наманганлик етти уламо, жумладан Мавлавий Намангоний қолдирган маданий меросга бағишлаб тожикистонлик олим Содирхон Умаров муаллифлигида янги нашрдан чиқарилган «Хафт бузруги Намангон» китоби тақдим этилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Наманган вилоятида 300 га яқин маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Туризмни ривожлантиришга хизмат қилувчи ушбу маскан ва зиёратгоҳларни таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, улар обод қадамжоларга айлантирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг