Март ойида 20 та банк жаримага тортилди

18:53 14 Апрель 2026 Иқтисодиёт
261 0

Шу йилнинг март ойида Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишлар якунига кўра, қатор молиявий ташкилотларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган. Бу ҳақида Марказий банк маълумот берди.

Маълум қилинишича, март ойи давомида ўтказилган 7 та йиғилишда жами 29 та масала кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 17 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш билан боғлиқ. Шунингдек, кредит ташкилотлари уставига ўзгартириш киритиш, устав фондидаги улушларга эгалик қилишга рухсат бериш, аудиторларга малака сертификатлари бериш ҳамда банклардаги муҳим лавозимларга номзодларни тасдиқлаш каби масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Шунингдек, қўмита кредит ташкилотларининг молиявий барқарорлигига оид 12 та масала ҳам муҳокама қилинган. Мазкур муҳокамалар давомида пруденциал меъёрларга риоя қилиниши, Марказий банк кўрсатмаларининг бажарилиши, тижорат банклари ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган текширувлар натижалари ҳамда молиявий хизматларни «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш жараёнлари кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, текширувлар давомида аниқланган камчиликлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолатлар сабабли 20 та банк, 89 та микромолия ташкилоти ва 79 та ломбардга нисбатан жарима санкциялари қўлланилган. Шу билан бирга, пруденциал нормативларга амал қилмаган ҳамда ўз фаолиятини белгиланган талабларга мослаштирмаган 17 та банк расман огоҳлантирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер