Марғилонда иш бошлаган замонавий шифо масканида 100 та янги иш ўрни яратилди

15:10 10 Март 2026 Жамият
271 0

Шу тариқа ипакчилар шаҳрининг “Юксалиш” МФЙда иш бошлаган “Marmed” клиникасида аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатиш учун жаҳон андозалари даражасида қулайликлар муҳайё этилди.

Янги шифо масканида 30 га яқин йўналишда тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Шу мақсадда тиббиёт муассасаси хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

—Бу ерда замонавий ёндашувлар асосида беморларга амбулатор ва стационар тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд,—дейди лойиҳа ташаббускори Исомиддин Низомов.—Бунинг самараси сифатида 100 нафар тиббий ва техник ходимлар учун янги иш ўрини яратишга муваффақ бўлдик.

Айни пайтда муассасада 22 нафар олий тоифали шифокорлар ҳамда 40 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда. Беморларга қулайлик яратиш мақсадида клиника ҳудудида замонавий лойиҳа асосида дорихона ҳам барпо этилди.

Айтиш жоиз, эзгу ташаббус доирасида янги клиника фаолияти орқали нафақат Марғилон шаҳри аҳолиси, балки Фарғона вилоятининг чегарадош ҳудудларида яшовчи ҳамюртларимиз ҳамда қўшни республикалардаги қардошларимизга ҳам юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсад қилинган. Бу вилоятда тиббиёт туризми ривожида яна бир муҳим омил бўлиши эътиборга молик.

Шунингдек, яқин истиқболда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида сайёр хизматларни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер