Мард ўғлонлар жасорати унутилмайди
Фото: Халқ сўзи
Ватан саждагоҳ кабидир, унинг ҳар қарич ерини асраб-авайлаш эса эр йигит учун шарафли бурч. Бурчига содиқ бўлиб, юрт тинчлигини сақлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган ўғлонларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди, уларнинг номи мангу яшайди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Термиз шаҳри ва Жарқўрғон туманларида яшаётган марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда фахрийлар ҳолидан хабар олинди. Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев, шунингдек, бир гуруҳ давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар Муҳиддин Эштемиров ва Чори Шамиев яшаган хонадонларга ташриф буюрди. Улар марҳум ўғлонларнинг кўрсатган жасоратларини ёд этди, оила аъзоларидан кўнгил сўради. Шундан сўнг нафақадаги ҳарбий хизматчилар хонадонларида ҳам бўлдилар. Мудофаа вазирининг тегишли буйруғига асосан ажратилган моддий ёрдам пули, байрам совғалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
— Ҳарбий хизмат чоғида жароҳат олганман, — дейди нафақадаги ҳарбий хизматчи Шуҳрат Қаюмов. — Мудофаа вазирлиги ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари мунтазам ҳолимдан хабар олиб, моддий ва маънавий ёрдам беришади. Ватан ҳимоячилари куни арафасида вилоятимиз раҳбари ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, бир гуруҳ фахрийларнинг хонадонимга келганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Эътибор ва ғамхўрлик жамиятдан четда эмаслигингни, инсоний қадр-қимматингни яна бир бор ҳис қилишингга туртки бераркан. Буларнинг барчаси учун миннатдорман.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг