Мақсадлар муштараклигини таъминлаш – асосий вазифа
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Шу йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиёда ерлар деградациясига қарши курашиш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида халқаро форум ўтказилди.
БМТнинг Тараққиёт дастури (UNDP), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё, Германия, Туркия, Россия, Корея Республикаси каби давлатлардан соҳа экспертлари, олимлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини сақлаш ва ошириш, деградацияга қарши курашиш, эрозия, шўрланиш ва чўлланиш жараёнларининг олдини олиш глобал миқёсдаги улкан муаммога айланиб бормоқда. Айни пайтда ер сайёрасининг 29 фоизини қуруқлик ташкил этса, унинг атиги 11 фоизида инсоният учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизи етиштирилади. Ҳозирда дунё бўйича 2 миллиард гектарга яқин майдонлар турли даражада деградацияга дучор бўлган.
Юзма-юз мулоқотда ушбу муаммолар кўламини камайтириш, деградация оқибатларини юмшатиш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш борасида кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.

Хусусан, ушбу йўналишда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 июнь кунги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дасуриламал бўлмоқда. Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида Ерлар деградациясига қарши курашиш бўйича департамент ташкил этилди. Департамент зиммасига давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда ижросини таъминлашда вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.
Бу борада 2026 йилга қадар мамлакатимизда 1 миллион гектар экин ер майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш, шўрланган ерлар миқдорини 100 минг гектарга камайтириш, 1,7 миллион гектар деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ҳамда 26 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларида ихотазорлар барпо қилиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ерлар деградациясига қарши курашиш, соҳага янги ва замонавий инновацион технологияларни кенг жорий этиш, табиий ресурслардан илмий асосланган ҳолда оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида халқаро молия институтлари билан биргаликда умумий қиймати 50 миллион долларга яқин 15 та лойиҳа амалга ошириляпти. Деградацияга учраган 232,8 минг гектар ерда ўрмон барпо этиш ишлари бажарилди.
Президентимиз ташаббуси билан халқаро ташкилотлар кўмагида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонида саксовул, черкез, кандим сингари шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат “яшил қопламалар” барпо этилмоқда.

-Илк бор ўтказилган халқаро форум минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал иқлим ўзгаришлари салбий таъсирини юмшатишга қаратилган ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир,-дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. – Шу тариқа она замин неъматларини муҳофаза қилиш, бу борада мақсадлар муштараклигини таъминлаш масаласига жаҳон ҳамжамияти томонидан жиддий эътибор қаратилишига эришилади.

Форум доирасида миллий парламентимиз вакиллари, илмий-амалий марказлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, шу билан бирга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Беларусь, Европа Иттифоқи мамлакатлари экспертларининг маърузалари тингланди. Илмий янгиликлар ва илғор тажрибалар бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Шунингдек, мавзу юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Ботир МАДИЁРОВ “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг