Мақсадлар муштараклиги ютуқлар бардавомлигини таъминлайди
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
Мақсадлар муштарак бўлса, юрт равнақ-ривожи ва халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббуслар тўлиқ рўёбга чиқади. Иккинчи сектор ҳудудида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамфикрликда иш юритилаётгани сабабли ютуқлар бардавомлигига эришиб, ҳар бир муаммо ва масала ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилинмоқда.
Риштон тумани иккинчи сектор ҳудудида 9832 та хонадон мавжуд. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 4200 та хонадонга уйма-уй кириб чиқилиб, аниқланган 287 та муаммонинг барчаси бартараф этилиши таъминланди.

Сектор томонидан ўтказилган 34 та сайёр қабулда 293 нафар фуқаронинг муаммолари эшитилиб, 152 таси ижобий ҳал этилди. Мурожаатларга асосан 1 та сув насоси таъмирланиб, 450 та хонадоннинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари ҳал бўлди. 18 та кўчага шағал ётқизилиб, 10 км.га яқин йўллар текисланди. Эскирган 81 та симёғочлар янгисига алмаштирилди ва 2,5 км. дан ортиқ янги электр тармоғи тортилди, 33 та таъмирталаб ТП, 8 та ГРПлар таъмирланди.
“Маҳаллабай” ўрганишлар натижасида 877 нафар фуқаролар «Темир дафтар»га киритилган бўлиб, амалий саъй-ҳаракатлар туфайли 790 нафар оилалар мазкур рўйхатдан чиқарилди. Бу оилаларга 528 млн. 234 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
2021 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ижобий ишлар самараси сифатида “Ёшлар дафтари”даги 999 нафар ишсиз ёшларнинг 910 нафари иш билан таъминланиб, рўйхатдан чиқарилишига эришилди. “Аёллар дафтари”ни шакллантиришнинг иккинчи босқичида 1025 нафар аёллар рўйхатга киритилган бўлиб, ўтган даврда уларнинг муаммолари тўлиқ ҳал қилинди.

Секторимиз ҳудудида 555 нафар ногиронлиги бор шахслар тиббий кўрикдан ўтказилди, 15 нафарига амбулатор даволаниши, 21 нафарига даволаниши учун йўлланмалар берилди, 4 та аравача, 10 та протез-ортопедия маҳсулотлари тарқатилди.
2021 йилнинг ўтган даврида туман прокурори ташаббуси билан 137 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Кам таъминланган оилаларнинг 36 нафарга яқин аъзолари маҳалладаги жамоатчилик ишига жалб этилди. Бундан ташқари, 70 дан зиёд аёллар ва ёшлар тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик ҳамда компьютер саводхонлиги йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқитилди.
Ҳудудда ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаш, томорқадан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш доимий устувор вазифалар сирасига киритилган. Туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида прокурор секторида шу йилнинг ўтган даври мобайнида 2 420 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари Россия, Қирғизистон, Қозоғистон сигари давлатларга экспорт қилинди.

Шу билан бирга, секторимиз ҳудудида яшовчи ишсиз ёшларни касбга ўргатиш, бандлигини таъминлаш мақсадида Истиқбол МФЙда фаолият олиб борувчи “Mumtozbegim ceramics” негизида “Ёш кулоллар ва наққошлар” кулолчилик ва наққошлик кооперативи ташкил этилди. Кооператив фаолиятини йўлга қўйиш учун Аҳоли бандлигига кўмаклашиш жамғармасининг 111 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилиб, 50 нафар ишсиз ёшлар ишга жойлаштирилди. Айни пайтда 20 нафардан ортиқ ишсиз ёшлар “устоз — шогирд” анъанаси бўйича ушбу кооперативда касбга ўргатилмоқда.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш жамғармасининг 89 млн. сўм субсидия маблағлари асосида “Оқ томир” МФЙда кигиз-гилам тўқишга ихтисослашган “Zarina nafis gilamlari” кооперативи ташкил этилди. Натижада ҳудуддаги 40 нафар аёллар доимий иш ўрнига эга бўлди.

Таъкидлаш ўринлики, иккинчи сектор штаби аъзолари ва тегишли мутасадди идоралардан иборат ишчи гуруҳ билан ҳудудда яшовчи аҳолини қийнаб келаётган муаммолар, амалий таклиф ва ташаббуслар ижроси доимо жиддий ўрганилади. Шу асосда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, аниқ вазифалар белгиланади.
Замон шиддат билан ўзгариб, ҳар куни олдимизга, керак бўлса, ўнлаб масалаларни кўндаланг қўяётгани ҳеч кимга сир эмас. Биз зиммамизга юкланган масъулиятли, шу билан бирга шарафли вазифани сидқилдан бажариш учун ҳамиша хизматда камарбастамиз.
Шамсиддин ТУРДАЛИЕВ,
Риштон тумани прокурори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг