Мақомнинг ҳақиқий жозибаси, сеҳри ва сиру синоати

17:18 17 Январь 2024 Жамият
490 0

Киши қайси касб эгаси бўлмасин, астойдил ишласа, изланса, фидойи меҳнат қилса, албатта, эътибор топади, эътирофга сазовор бўлади. Бунга Элмурод Боймуродов ҳаётини яққол мисол қилиб келтириш мумкин.

Шаҳрисабз шаҳридаги Маданият марказида ўтказилган мақом санъати фидойиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби Элмурод Боймуродовнинг 75 йиллик юбилейи ҳамда ижодий фаолиятининг 59 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда бу ҳақда батафсил фикр юритилди.

Маданият Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мақом маркази Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маданият, санъат соҳаси вакиллари, ижодкорнинг шогирдлари, дўстлари, мутасадди вазирлик ҳамда ҳокимликлар, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

— Институтни тамомлаб, ишга келганимнинг иккинчи йилиёқ театрдаги режиссёрлик фаолиятим билан бир қаторда Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этган эдим, — дейди Элмурод Боймуродов. — Кейинги 40 йилдан ошиқ вақт давомида бу ансамбль таркибидан кўплаб истеъдодли санъаткорлар етишиб чиқди. Улар ўз ижодлари воситасида мақомнинг ҳақиқий жозибасини, сеҳрини, сиру синоатини ёш авлодга етказиб келмоқда.

У ҳамон ҳудуддаги ёш истеъдодларни ансамбль фаолиятига жалб этиб, уларга мақом санъатининг сир-асрорларини пухта ўргатиб келмоқда. Устознинг шогирдлари орасида актёрлар ва хонандалар борлиги боиси ана шунда.

Тадбирда Элмурод Боймуродовнинг кўп йиллар давомида маданият, санъат соҳасида амалга оширган ишлари, хизматлари эътироф этилди. Шогирдлари, дўстлари ижросидаги мусиқий чиқишлар даврага янада ўзгача завқ бағишлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер