Мақом санъати бутун дунё эътирофида
Саид Донишев/«Халқ сўзи». Зомин туманидаги «Боғишамол» масканида II Халқаро мақом санъати анжумани доирасидаги «Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирди. Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, АҚШ, Канада, Миср Араб Республикасидан ташриф буюрган йирик мусиқашунос олимлар Шашмақом туркумининг шаклланишида Бухоро мақом мактабининг аҳамияти, Озарбайжон, турк, араб анъанавий қўшиқчилиги ривожида мақом санъатининг ўрни ҳақида фикрлар билдирилди.

— Илмий-амалий конференцияда «Араб анъанавий қўшиқчилик услубининг ривожланиши: Мувашшаҳ намунаси» мавзусида чиқиш қилдим, — дейди Қоҳира Бадиий академияси қошидаги Олий санъат институти ассистенти Ашраф Абдулраҳмон. — II Халқаро мақом санъати анжумани нафақат ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, балки бутунжаҳон маънавиятининг ажралмас бир бўлагини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатга ҳурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади.

Бугун илмий-амалий конференция якунланиб, «II Халқаро мақом санъати анжумани» иштирокчилари ўртасидаги кўрик-танловлар давом этади. Халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари баҳолаб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг