Мангуликдаги сўнмас қуёш
Катта истеъдод аввал халқ эътиборини, кейин халқ муҳаббатини ва ниҳоят халқ эътиқодини қозонади. Аслида мана шу уч босқичнинг ҳар бири бир умрга тенг. Ўзбек адабиётининг йирик вакили, атоқли адиб, асарларида халқ дардини куйлаган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов чин маънода ана шундай юксак мақомга кўтарила олган ижодкордир. Шу боис адиб бу дунёдан ўтган бўлсада, қалбларимизда яшамоқда.
Президентимиз Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланмоқда.
Тошкент тиббиёт академияси академик лицейида бўлиб ўтган «Мангуликдаги сўнмас қуёш» деб номланган адабий-бадиий кеча ана шундай тадбирлардан биридир. Унда ёзувчининг оила аъзолари, шогирдлари, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар қатнашди.
Анжуманда ёзувчи хотирланди. Унинг ҳаёт йўллари, шахс сифатидаги фазилатлари, адолат ва ҳалоллик учун кураши, шоҳ асарлари, жумладан, «Дунёнинг ишлари» қиссасининг ёзилиш тарихи, «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» романларидаги асосий ғоя ҳақида ёшларга сўзлаб берилди. Адибнинг мангуликдаги сўнмас сиймосига назар солган ҳолда у қолдирган адабий мерос зарварақлари варақланди, ибратли ҳаёт йўлларига нигоҳ ташланди.
Таъкидланганидек, Ўткир Ҳошимов «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари», «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» каби роман, қисса ва теран ҳикоялари билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган. Воқеликни ҳаёт ҳақиқатига омихта қилиб, асар қаҳрамонларининг ички оламини ҳар томонлама мукаммал, тўғри ва аниқ тасвирлаш ҳамда унга ўқувчини ишонтира олиш адиб ижодининг асосий хусусияти эди. Ёзувчи асарларида инсон тақдири, унинг ўй-хаёлларининг нозик қирралари ўз бадиий ифодасини топган.
Тадбирда ўқувчилари томонидан адиб асаридан намуналар ўқиб берилди, ҳажвиялари маҳорат билан саҳналаштирилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Дилтортар наволар кечага шукуҳ бағишлади.
Нигора ҲАКИМОВА,
Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи директори ўринбосари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг