Мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилаётган катта миқдордаги валюта тўхтатиб қолинди
Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари томонидан Тошкент вилояти, Тошкент тумани ҳудудида жойлашган «Навоий» чегара-божхона постида тезкор тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир давомида мамлакатдан ноқонуний тарзда йирик миқдордаги хорижий валютани олиб чиқиш ҳолати фош этилди.
Текширув давомида қўшни давлат томон ҳаракатланаётган «Lacetti» русумли автомашина тўхтатилди. Машинани кўздан кечириш жараёнида унда йўловчи сифатида кетаётган, Тошкент туманида яшовчи 1978 йилда туғилган фуқарога тегишли целлофан пакетда 874 минг АҚШ доллари борлиги аниқланди. Мазкур шахс ушбу маблағни божхона декларациясиз, яширин йўллар билан Қозоғистонга олиб чиқмоқчи бўлган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида савдо билан шуғулланувчи шахслар томонидан тўпланган маблағларни ушбу аёлга топширган яна бир шахс ҳам фош этилди. Тошкент туманида вақтинча истиқомат қилаётган 1989 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони текширилганда, қўшимча равишда 399 минг 170 АҚШ доллари борлиги аниқланди. Ушбу маблағ келгусида ноқонуний тарзда Қозоғистонга олиб ўтиш учун тайёрлаб қўйилганлиги маълум бўлди.
Натижада тезкор тадбир давомида жами 1 миллион 273 минг 170 АҚШ доллари ноқонуний муомаладан чиқарилди ва ашё далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 182-моддаси 2-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг