Малакали мутахассисларга эҳтиёж бор. Унинг ечими қандай бўлади?

12:25 25 Апрель 2018 Жамият
2110 0
Фото: Хурсандбек Араббоев

Ўтган давр мобайнида Андижон вилоятининг 9 та туманида халқ билан олиб борилган учрашувлар жараёнида минглаб муаммолар бартараф этилди. Айни пайтда халқ вакиллари Андижон туманида иқтисодий инфратузилмани ва тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ички туризмни шакллантириш масалаларини таҳлил қилмоқдалар.

— Аввалги мулоқотларда фақат муаммоларга дуч келган бўлсак, эндиликда ибратли жиҳатлар ҳам кўзга ташланмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримов. — Масалан, Найманобод маҳалласини олайлик. Республикамизда давом этаётган туб ислоҳотлар жараёни маҳалладошларни ташаббускорликка ундагани қувонарли, албатта. Улар ўз кучи билан маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриб битказибдиларки, натижада бу ерда милиция таянч пункти, мўъжазгина кутубхона, савдо шохобчалари фаолият юритаяпти. Тўғри, маҳалладошларнинг имкони етмайдиган, чунончи, тоза ичимлик суви, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳам мавжуд. Айни пайтда ушбу вазифаларнинг бажарилиши юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Парламент аъзолари тадбиркорлик фаолиятидаги муаммоларни ҳам муфассал ўрганишмоқда. Жумладан, аксарият корхоналарда мутахассислар масаласи долзарб эканлиги аниқланди. Мисол учун, “Zamin Bio Health” инсулин ишлаб чиқариш корхонасида замонавий техник қурилмаларни бошқарувчи мутахассислар етишмайди. Корхона раҳбарлари ишчиларни хорижга малака оширишга юбориш орқали бу муаммонинг ечимини изламоқдалар. Шу билан бирга, ҳудуддаги коллежларда мутахассислик йўналишларини тўғри ташкил этиш заруратига ҳам эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, туманда ички туризмни ривожлантириш, зиёрат масканларини ободонлаштириш мақсадга мувофиқлиги ўрганишларда аён бўлди. Халқ вакиллари ана шулардан бири — Меҳмон Валий зиёратгоҳидаги ҳолат билан танишдилар. Адирлик тепасидаги бу масканга элтувчи йўл барпо этиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини ташкил қилиш долзарб экани таъкидланди ҳамда бу бўйича зарур чоралар белгиланди.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, депутатлар аҳоли билан учрашувлари мобайнида туманнинг 77 та маҳалласида истиқомат қилувчи 264 минг 810 нафар фуқаро билан мулоқотда бўлдилар.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер