Малакали кадрлар тайёрлашда айни муддаодир

23:09 18 Апрель 2020 Жамият
1452 0

Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳозирги пандемия шароитидаги муҳим ҳужжат бўлишидан ташқари, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўли.

Гап шундаки, кейинги йилларда тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай, ҳалиям муаммолар сақланиб қолмоқда. Масалан, ҳозирги пайтда мамлакатимизда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаётгани, шу сабабли тиббиёт муассасалари аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олмаётгани айни ҳақиқат. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилган бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотаси 20 фоиз, мақсадли магистратура 10 фоиз, клиник ординатура квотаси эса 15 фоизга оширилиб, юқори малакали тиббиёт кадрларига катта талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун квоталарни давлат грантлари асосида ажратиш механизми йўлга қўйилди.

Президентимизнинг шу йил 24 январь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш масалалари диққат марказида бўлди. Айниқса, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, мавқейини мустаҳкамлаш, уларга ҳурмат-иззат кўрсатиш, муносиб меҳнат шароити яратиш, иш ҳақини ошириш, моддий-маънавий рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиши, шу жумладан, гематология, вирусология, иммунология соҳалари, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун ажратиладиган маблағларни кўпайтириш лозимлиги алоҳида айтилган эди. Муҳими, ўтган даврда бу йўналишда ҳам муайян ишлар бошлаб юборилди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори тизимда олиб борилаётган шу каби саъй-ҳаракатларни яна бир поғана юксалтиришга қаратилгани билан ҳам қимматли ва аҳамиятлидир. Зеро, унга кўра, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги 47 та тиббиёт коллежи негизида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этиладиган бўлди. Бу билим юртларининг моддий-техника базаси замонавий воситалар асосида янада кучайтирилиб, амалиёт хоналари белгиланган нормативларга мос жиҳозланади ва ўқув-симуляциявий аудиториялар ташкил этилади.

Мамлакатимизда ҳали у қадар оммалашмаган валеология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология, профпатология фанлари ўқувчиларга чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, ўқув режалари ва фан дастурлари ҳам илғор хорижий тажрибалар ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб жорий этилади.

Яна бир ўзига хос янгилик шундан иборатки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили Давлат дастурига ҳамоҳанг ҳолда ахборот-коммуникация технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланиб, техникумларда етакчи тиббиёт олий таълим муассасалари юқори малакали профессор-ўқитувчилари масофавий машғулотлар ўтиб боришади.

Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали иккинчи курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқи берилаётгани эса тиббий таълим соҳасида жорий этилаётган энг катта янгиликлардан биридир.

Қарорда тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш ишлари бўйича проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу олий таълим муассасаси клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда. Бу эса талабаларнинг ўрганган назарий билимларини амалиётда қўллаб кўриш имкониятларини оширади ва келгусида борадиган иш жойларида тайёр тажрибали мутахассис сифатида ҳеч иккиланмай иш бошлашига мустаҳкам замин яратади.

Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,
Олий Мажлис Сенатининг
Ёшлар, маданият ва спорт масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер