Малай тили билимдонлари тақдирланди

16:49 21 Апрель 2022 Жамият
928 0

Фото: Халқ сўзи

20 апрель куни Тошкент Давлат Шарқшунослик Университети (ТДШУ) да Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда малай тили билимдонлари ўртасида нотиқлик санъати танлови бўлиб ўтди. Унда 15 нафар талаба қатнашди. Танловда ТДШУ ва Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари Университети (ЎзДЖТУ) да таҳсил олаётган биринчидан то тўртинчи босқичгача бўлган талаба қизлар беллашди. Мамлакатимизда айнан шу икки олий ўқув юртларида малай тили чуқур ўрганилади.

Охирги йилларда бу танловнинг аҳамияти билан бирга талабалар билимлари ва улар ўртасидаги рақобат ҳам ошиб бормоқда. Бу йилги танловни ҳатто Малайзиядаги тилшунос мутахассислар онлайн режимида кузатиб боришди. Бу бежизга эмас. Охирги уч йил ичида ўзбекистонлик талабалар икки бор ҳар йили Малайзияда ўтказиладиган Халқаро Малай Тилида Нотиқлик мусобақасида (Malay Language Public Speaking Competition) ғолибликни қўлга киритишди. Бу эса талабаларимизга малайзиялик мутахассислар орасида қизиқишни ортишига сабаб бўлди.

Малайзия Султон Идрис Педагогика Университетининг малай тили мутахассислари онлайн режимида талабалар чиқишларини кузатиб баҳолаб боришди.

Айнан ўзбек талабалари юқори натижаларга эришаётганлари сабабли Малайзия олий ўқув юртларининг юртимиз ОТМ билан ҳамкорлик алоқаларини боғлашга интилишлари ҳам ўсиб бораётир. Тадбирда иштирок этган ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиеванинг айтишича, мазкур университет бир неча Малайзия университетлари билан яқиндан алоқаларни ўрнатган. Тез орада яна бер неча Малайзия университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган.

Малайзиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан жаноблари барча талабаларга ўз миннатдорлигини билдирди. Танловда энг яхши натижа қайд этган икки талаба шу йили Малайзияда бўлиб ўтадиган Халқаро Малай Тилида Нотиқлик Мусобақасида иштирок этишини эълон қилди.

Мусобақа натижасига кўра, 5 нафар талаба қимматбаҳо соврин ва пул ютуқлари билан тақдирланди.

1-ўрин Тошматова Раҳбарой (4-курс ТДШУ)

2-ўрин Акрамова Сарвиноз (1-курс ТШДУ)

3- ўрин Ўткурова Гулзода (1-курс ТШДУ)

4-ўрин Салимбоева Рухшона (1-курс ТШДУ).

5-ўрин Нормахматова Мадина (2-курс ЎзДЖТУ).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер