Мактабларга Хитой гранти асосида техник жиҳозлар ажратилди
Бухоро вилояти Пешку туманида фаолият юритаётган бир нечта умумтаълим мактаби замонавий компьютерлар ва бошқа жиҳозлар эвазига ўзининг моддий-техник базасини мустаҳкамлади. Бу лойиҳа Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ҳамкорлиги натижасида амалга ошди.
Тумандаги 33-умумтаълим мактабига ҳам шундай техника воситалари ажратилди. Натижада билим даргоҳида замонавий компьютерлар, видеопроектор, кондиционер, принтер ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланган ўқув хонаси юзага келди.
— Ёшларнинг замонавий билимларни эгаллашларида бундай жиҳозларнинг ўрни жуда катта, — дейди ўқитувчи Шаҳризода Ниёзова. — Ўқувчиларимиз шу имкониятдан оқилона фойдаланиб, IT технологиялари ёрдамида “Бир миллион дастурчи” дастури “Coursera” платформасининг бепул профессионал курслари ҳамда вазирлигимизнинг таълим ресурсларини ўзлаштиришмоқда. Хитой Халқ Республикаси гранти асосида келтирилган бу техник жиҳозлар ёшларга замонавий илм ва касблар сир-асрорларини ўрганишда жуда қўл келади.
Айтиш жоизки, вилоятдаги 54 та умумтаълим мактаби Хитой Халқ Республикаси грантлари асосида худди шундай техник воситалар билан таъминланди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг