Макгрегор: Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани мамлакатнинг муваффақиятли ташқи сиёсатини намойиш этувчи воқеадир

17:34 16 Октябр 2020 Сиёсат
1050 0

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини тарихий воқеа сифатида баҳолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

— Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани жуда муҳим тарихий воқеа бўлди. Чунки республика ўз тарихида биринчи марта 47 та давлатни ўз ичига олган энг йирик нуфузли халқаро ташкилотга аъзо бўлди, — деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбари. — Ўзбекистон 2,5 ойдан сўнг Кенгашда уч йил муддатга белгиланган фаолиятини бошлайди.

БМТ Бош Ассамблеясининг Кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги 60/251 сонли қарорига мувофиқ, Кенгаш аъзолари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг юқори стандартларга риоя қилади.

Кенгашга аъзоликнинг юқори талаблари Ўзбекистон зиммасига катта масъулият юклайди, лекин республика уларнинг барчасини шараф билан бажаради. Бунинг учун жуда кўп ишлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш керак бўлади.

ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича энг юқори стандартларни ўз ичига олган ЕХҲТ мажбуриятларини бажариш бўйича саъй-ҳаракатларини мунтазам қўллаб-қувватлайди.

Ушбу воқелик Ўзбекистоннинг муваффақиятли ташқи сиёсатини намойиш этмоқда. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатнинг сўнгги тўрт йил ичида эришган ютуқларидан далолат бермоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари ЕХҲТ мажбуриятлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Мен Ўзбекистон Республикасини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан чин қалбимдан қутлайман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер