Май ойида икки марта тўлин ой ҳодисаси кузатилади

11:12 14 Апрель 2026 Илм-фан
280 0

Иллюстратив фото

2026 йил май ойи ноёб астрономик ҳодиса билан ажралиб туради — ой давомида икки марта тўлин ой кузатилади. Бу ҳақда К.Э. Циолковский номидаги Давлат космонавтика тарихи музейи физика-астрономия бўлими илмий ходими Александр Алексеев маълум қилди. Унинг айтишича, бундай ҳолат бир неча йилда бир марта содир бўлади.

Маълум қилинишича, май ойидаги тўлин ойлар 1 ва 31 май кунларига тўғри келади. Бунинг сабаби Ойнинг Ер атрофида айланиш даври билан боғлиқ: у тўлиқ айланишни 27,3 суткада амалга оширади, аммо Ернинг Қуёш атрофида ҳаракати ҳисобга олинганда бу давр тахминан 29,5 кунгача узаяди. Агар календар ойи 31 кундан иборат бўлиб, биринчи тўлин ой ой бошига тўғри келса, иккинчиси ой охирида кузатилади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, икки тўлин ой тўғри келган май ойи ой тақвими мавзусини ўрганиш учун яхши имконият яратади. Чунки қадимдан Ой турли воқеаларни ҳисоблашда асосий мезонлардан бири бўлиб келган. Бироқ Ой ойлари йилга аниқ мос келмаслиги сабабли айрим байрам саналарининг йил сайин силжиши кузатилади. Масалан, Пасха байрами баҳорги тенгкунликдан кейинги биринчи тўлин ойдан сўнгги якшанба куни нишонланади.

Шу билан бирга, астрономлар учун тўлин ой унчалик қулай эмас. Ёрқин ой ёруғлиги туфайли юлдузларни кузатиш қийинлашади. Ой юзасидаги кратерларни эса тўлин ой пайтида эмас, балки қисман ёритилган фазаларда, яъни “терминатор” чизиғи яқинида кузатиш мақсадга мувофиқ. Бу пайтда Ой релъефи анча аниқ ва ёрқин кўринади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер