Маҳкумнинг мурожаати қаноатлантирилди
Фото: Халқ сўзи
Озодликдан маҳрум этиш маҳкум учун жазо, айни чоғда жамиятнинг маълум муддатда уни тарбиялаш ҳамда тўғри йўлга қайтаришдек устувор мақсади йўлидаги восита ҳисобланади. Бунда озодлик ва эркинликлари чегараланган маҳкумнинг яшаш ва меҳнат қилиш шароитлари чегараланмайди. Саломатлиги қатъий назоратда бўлади.
Жазони либераллаштириш ҳамда уни ўташни демократлаштириш ҳам шу каби саъй-ҳаракатлар ҳосиласидир. Ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар бўш вақтини кутубхонада ўтказиши мумкин. Соғлом турмуш тарзи учун спорт зали ва спорт майдончалари ҳамда енгил муолажаларга мўлжалланган шифо масканлари мавжуд. Маданий тадбирлар учун клуб ёки ўз бадиий ҳаваскорлик дастасини ташкил қилиш, бир сўз билан айтганда, маҳкумнинг хулқ-атворини яхши томонга ўзгартириш, инсоний фазилатларни уйғотишнинг барча чоралари кўрилмоқда.
— Шунингдек, уларнинг ҳар бир мурожаатлари билан ишлашда ариза ортида маҳкум эмас, инсон турибди, деган тамойил асосида ёндашилмоқда, — дейди Навоий махсус прокуратураси терговчиси С. Жумаев. — Мисол учун, яқинда прокуратурамизга Тошкент шаҳар М. Улуғбек туман судининг 2022 йил 29 мартдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкум Ғ. Холназаров мурожаат қилиб, муддатини ўташ даврида унинг соғлиғига ва ёшига мос иш билан таъминланишида ёрдам сўради. Мурожаат атрофлича ўрганилиб, Ғ. Холназаров муассаса ишлаб чиқариш корхонасининг оҳак цехидан олиниб, енгиллаштирилган 5-ўқув майдони ҳуқуқбузарлик профилактика секциясига ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, бу каби мисолларни яна ўнлаб келтириш мумкин. Боиси сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам маҳкумлар ҳаёти мазмунан бойитилиб, барча тадбирлар ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилига асосланаётгани амалда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг