Маҳалладаги муаммоларни ҳал қилиш учун молиявий манба яратилади
Фото: Архив сурат
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани ҳамда ҳаётимизнинг барча жабҳасида улкан ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида таъкидлади.
Ўтган даврни сарҳисоб қилиш билан бирга, анъанага кўра, келгуси йилга ном бериш бўйича таклиф билдириб, амалга ошириладиган устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Президентимиз таклифи билан 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинди.
Албатта, кириб келаётган янги йилга бундай ном берилиши юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсати марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор эканини далиллайди. Қолаверса, буни якунига етаётган «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» нинг мантиқий давомидир, дейиш ҳам мумкин.
Мурожаатномада бошқа соҳалар қатори маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда халқимиз учун қулай шароитлар яратиш борасида ҳам қатор янгиликлар жорий этилиши айтиб ўтилди. Жумладан, бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилиши назарда тутилмоқда. Бу борада, энг аввало, 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр, йўл, мактаб каби лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши, шунингдек, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 424 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини бўлиб, уларнинг кўпида 2022 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ҳамда оғир ҳудудлар рўйхатидан чиқариш тадбирлари доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Лекин одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар ҳамон ечимини топмаган маҳаллалар ҳам йўқ эмас. Боиси маҳалланинг ўз молиявий манбаи, яъни пули йўқ эди.
Давлатимиз раҳбари ўзининг бу галги Мурожаатномасида маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилишини маълум қилди. Бунинг учун 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қоладиган бўлди. Демак, эндиликда маҳаллада мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган молиявий манба яратилади.
Бундан руҳланган ҳолда биз ҳозирданоқ жамоамиз билан биргаликда Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширадиган тадбирларимизни белгилаб олмоқдамиз.
Албатта, бу янгилик маҳаллаларни том маънода обод манзилларга айлантиришга, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши муқаррар. Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, маҳалла тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.
Сағиндиқ ТУРМАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг