Маҳаллада янги ва замонавий тиббиёт пункти иш бошлади

15:28 22 Август 2023 Жамият
365 0

Фото: «Халқ сўзи»

Мустақиллик байрами арафасида Ромитан тумани “Боғитуркон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Пинжон, Бойиш, Урганжи, Қиётон қишлоқлари аҳолисига яна бир қулайликдан баҳраманд бўлишди. Ҳар тўртала қишлоқ аҳолисига намунали хизмат кўрсатишга мўлжалланган замонавий типдаги тиббиёт пункти фаолият кўрсата бошлади.

Йўл азоби, гўр азоби, деганларидек, шу кунга қадар бу масканларда яшовчи фуқаролар тоблари қочиб қолганида ҳудуддан анчагина олис бўлган 37- оилавий поликлиникага боришарди. Хусусан, ёш болали аёлларга қишнинг изғирини ёки ёзнинг жазирамасида йўл пойлаш жуда қийин эди. Энди бу муаммога барҳам берилди. Янги қурилган тиббиёт пункти шинам ва кўркам бўлиб, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган. Тиббиёт маскани икки минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатади.

Янги тиббиёт пунктининг очилиш маросимида қатнашган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бу каби қулайликлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг ўз ҳаётидан рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг бири эканлигини таъкидлашди. Кексалар дуога қўл очишди.

Айтиш жоизки, юртимизнинг бошқа гўшаларида бўлгани каби Ромитанда ҳам эл-юрт саломатлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга қўл урилди. Кейинги бир йил ичида туманнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида 11 та тиббиёт пункти очилгани фикримиз тасдиғидир.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер