Маҳаллада бахт бор, ташвиш бор

18:19 17 Май 2022 Жамият
985 0

Фото: Халқ сўзи

Атиги бир йил аввал туман ҳокими ёрдамчиси ҳақида сўз кетса, аксар ҳолларда қабулхонада ўтириб, муаммоли фуқароларни туман раҳбари хонасига йўлатмайдиган ходимлар кўз ўнгимизга келарди. Янги йилдан ҳар бир маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари эса улардан фарқли ўлароқ, ҳудудларда кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларни ўрганмоқда. Одамларни қийнаётган ташвишларга турли идоралардан ечим ахтармоқда. Энг муҳими, ҳар бир маҳалланинг оғриқли нуқталари асосида реал ҳолат ва ечим йўлларини ишлаб чиқмоқда.

Мисол учун, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Азиз Сувонов Кармана туманидаги «Малик» МФЙ йиғинида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият бошлаганида ҳудудда 39 нафар фуқаро ишсиз, деб маълумот берилган эди. Хонадонма-хонадон ўрганиш натижасида бу рақам қарийб беш баравар кўп, яъни 187 нафарни ташкил этди.

— Мазкур фуқароларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг имконият ва салоҳиятини ўргандик, — дейди А. Сувонов. — Шу асосда уларга ўз таклифимизни бериб, бандлигини таъминлаш чораларини кўрмоқдамиз. Натижада ўтган тўрт ой ичида 77 нафарини доимий, 69 нафарини мавсумий иш билан таъминладик. Ҳозирги кунда ҳар бири ўнта иш ўринли учта тадбиркорлик субъектини ишга тушириш арафасидамиз, шулар орқали бу борадаги муаммоларни вақтинча бўлсада бартараф этамиз. Вақтинча дейишими сабаби, ушбу муаммони бир йўла, батамом бартараф этиб бўлмайди. Чунки эрта-индин ўқув йили тугаб меҳнат бозоримизга яна ёшлар кириб келади.

Томорқа – ризқ-барака манбаи

«Малик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қарашли Узумзор, Гулшан, Тўққиз уй, Қалдирғоч ва Фарҳод қишлоқларида 2 мин 705 нафар аҳоли истиқомат қилади. Хонадонларнинг 135 гектар томорқалари мавжуд. Лекин бу томорқалардан самарали фойдаланилмаётганини маҳалла аҳли мева-сабзавотларни туман марказидаги бозордан келтиришидан ҳам англаш мумкин. Албатта, бунинг муайян сабаблари бор.

— Бу муаммони бартараф этиш мақсадида баҳорги экин мавсумида аҳолига 10 тонна сифатли картошка уруғи ҳамда 100 минг туп помидор, қалампир, бодринг кўчатлари ҳомийлик асосида бепул етказилиб берилди, — дейди Азиз Сувонов. — Сурхондарё вилоятидан 10 минг туп хурмо кўчати келтириб экдик. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги 23 фермер хўжалигининг 100 гектардан зиёд экин майдони ёшларга ажратилиб, айрим майдонларда лавлаги етиштириш йўлга қўйилди

«Малик» яқин-яқингача Навоий вилоятининг узумчилик маркази саналган. Бироқ сув танқислиги сабаб ва ўтган асрдаги ичкиликбозликка қарши кураш тадбирлари ортидан бу ердаги юзлаб гектар узумзорлар йўқ қилинди. Эндиликда «Малик»да узумчилик анъаналарини тиклаш мақсадида Фарғона вилоятидан 100 минг дона узум кўчатлари келтирилиб, аҳолига ва деҳқон хўжаликларига тарқатилди. Бундан ташқари 225 мингта узум қаламчалари тайёрланиб, ҳудуддаги 100 гектар ерни қайта узумзорга айлантириш чоралари кўрилди.

«Бир кўча – бир маҳсулот»

«Малик»да ҳар бир хонадонга 50 бошдан хонаки жўжа бепул тарқатилди. Инкубацион тухум олиш мумкин бўлган мазкур паррандалар 4 ойда маҳсулот бера бошлайди. Сўнгра меҳнат кооперацияси усулида тайёр тухум аҳолидан сотиб олинади. Бу орқали ҳам аҳолига қўшимча даромад манбаи ҳамда бир ҳудудда катта миқдорда тухум етиштириш имкони яратилди.

— Ҳозирча 20 та хонадон билан «Бир кўча — бир маҳсулот» тизимини йўлга қўйдик, — давом этади А Сувонов. — Йилнинг иккинчи ярмида уларнинг сонини юзтага етказиш режалаштирилган. Муҳими, жўжалар аҳолига тарқатилиши билан бирга уларга катаклар ҳам бепул етказилиб, ветеринарлар томонидан тавсиялар берилмоқда.

Шунингдек, ушбу тизимни тўлиқ татбиқ этиб, ўрдакчилик, куркачилик асаларичилик ва иссиқхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шу кунларда маҳаллада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқачилик, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олиши устида иш олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 565 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Эҳтиёж эса 1 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Марказий банкнинг Навоий вилоят бош бошқармаси раҳбарияти шу ойнинг охирига қадар қолган маблағ ҳам ажратилишини ваъда берган.

Азиз Сувонов тадбиркор сифатида маҳалланинг ихтисослашуви ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда, уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгиларкан, ҳудудда балиқчилик ҳамда йилқичиликни ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқди.

— Шу мақсадда туманимизга ташриф буюрган мамлакатимизнинг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан маҳалламиз тадбиркорлари учрашувини уюштириб, ҳудудимиздаги «Кармана голден эгс» корхонаси фаолиятини яқиндан таништирдик, — дейди А. Сувонов. — Мулоқотда Навоий вилоятида етиштирилаётган балиқ маҳсулотларини Европа бозорларига сотиш, шунингдек, «Кармана голден эгс» корхонаси томонидан Европадан зотли отлар олиб келиш ташаббусларини илгари сурдик.

Маънавий-маърифий ишлар ҳам эътиборда

Ҳар бир ҳудуддаги маънавий муҳит соғломлиги соҳага қаратилган алоҳида эътибор билан, аҳоли дунёқараши ва мафкуравий иммунитети билан бевосита боғлиқ. Табиийки, бунда маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, мутолаа билан шуғулланишлари учун замонавий шарт-шароит яратиш муҳим ўрин тутади.

Шу мақсадда «Малик» маҳалла фуқаролар йиғинида бўш турган бино тўлиқ таъмирланиб, янги жиҳозлар ўрнатилди ва маҳалла кутубхонаси ташкил этилди. Янги муассасага жамоатчилик асосида икки нафар педагог масъул этиб бириктирилди. Бугунги кунда 200 дан зиёд бадиий ва илмий-методик китоблар мавжуд бўлиб, китоблар фонди мунтазам равишда бойитиб борилмоқда. Кутубхонадан барча аҳоли қатлами бепул фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, ушбу масканда ўқув маркази ҳам ташкил этилиб, IT соҳаси бўйича маҳалла ёшларини ўқитишга малакали мутахассислар жалб қилинган.

Маҳаллада шу каби қатор ташаббуслар билан бирга турли спорт мусобақалари, танлов ва кўргазмалар ўтказиш ҳам мунтазамлик касб этган.

— Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифини кузатар эканман, раҳбарларнинг масъулияти ва маҳалла тизими хусусида айтган долзарб фикрлари, айниқса, «Ҳамма соҳада маҳалла тизимининг ролини оширяпмиз. Маҳалла халқнинг фикри дегани, халқнинг истаги дегани. Бунинг учун ҳуқуқий асос яратдик. Ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача бирлашиб, тегишли ташкилотларни жалб этиб, одамларнинг оғирини енгил қилиши керак», деган сўзлари ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши кераклигини англадим. Президентимизнинг бу фикрларини шунчаки даъват эмас, балки маҳалла тизимида ишлаётган ҳар бир масъул ўзининг муқаддас бурчи сифатида қабул қилиши лозим. Шундагина халқимиз рози, Юртбошимиз миннатдор, Яратганнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади, — дейди ҳоким ёрдамчиси Азиз Сувонов.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер