Маҳалла биносида яшаётган одам
Фото: «Халқ сўзи»
Меҳриддин ўғилли бўлганида, дунёда ундан бахтли одам йўқ эди гўё. Зурриёдини еру кўкка ишонмасди. Сўнг оилада иккинчи фарзанд туғилди. Эр-хотин ўғил-қизни оқ ювиб, оқ тарадилар. Ширин орзулар қилдилар. Аммо ҳаётда ҳаммаси ҳам биз кутганимиздек бўлавермайди. Аёли хасталаниб қолди. Меҳриддин югурди-елди. Учрамаган шифокори қолмади. Афсуски, муолажалар наф бермади. Гулдай аёлини қора тупроққа топширди.
Орадан анча вақт ўтиб, таниш-билишлари унга уйланишни маслаҳат бердилар. Болаларимга, ўзимга ҳам яхши бўлар, деган илинжда яна уйланди. Аммо ўгай она ҳақидаги хабарни эшитган икки бола ҳам тўнини тескари кийиб олди. Бу пайтда улар улғайиб, оқу қорани таниб қолишганди-да. “Ҳовли бизники!” дейишди. Ота рози бўлди. Иккинчи турмуши билан алоҳида уйда яшай бошлади. Шўрлик ўз пушти камаридан бўлган болалари қанақа шумликларни ўйлаб қўйишганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ака-сингил ими-жимида ҳовлини сотиб, хорижга жуфтакни ростлаб қолишди. Мана, неча йилдирки, улардан дарак йўқ. Йўлларига кўз тиккан падари бузрукворларига лоақал қўнғироқ қилиб, кўнгил сўраб ҳам қўймайдилар.
Ичига чироқ ёқса, ёришмай қолган отани олдинда яна бир кўргулик кутаётганди. Кексалик сабаблими, ҳартугул кўзи хиралаша бошлади. Вақт ўтиб тамоман ожиз бўлиб қолди. “Фарзандларимдан меҳр-оқибат кўрмадим”, деб ўкинган ота шунда турмушнинг яна бир зарбасига учради. Хотини ундан юз ўгирди.
Уй-жойсиз, бировнинг қаровига муҳтож, биринчи гуруҳ ногирони саналган Меҳриддин Остонов Жондор тумани Кўлиён маҳалла фуқаролар йиғини биносидан бошпана топди. Бир неча йилдирки, у шу ерда яшамоқда.
— Меҳриддин ака қабулхонамизга телефон орқали мурожаат қилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жондор туманидаги Жондор туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Ихтиёр Каримов. — Муаммоларини айтиб, ёрдам сўради. Туман ҳокими ва 2-сектор раҳбари билан биргаликда унинг шарт-шароитини ўрганиш мақсадида уйига, аниқроғи, маҳалла биносига бордик.
Халқимиз “Бир кўнгил иморати — минг Макка зиёрати” дея бежиз айтмаган. Меҳриддин ота билан суҳбат баҳонасида унга 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Ҳолидан доимий хабардор бўлиб туриш учун бир киши бириктирилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас.
— Биринчи гуруҳ ногирони Меҳриддин Остонов учун туманимиз марказидан барча шарт-шароитга эга уй қурилмоқда, — дея қўшимча қилади Ихтиёр Каримов.

— Буни айнан бугун — Халқаро ногиронлар кунида айтишимнинг боиси бор. Насиб қилса, бу фуқаромиз Янги йил байрамини янги уйда кутиб олади. Шу каби хайрли ишларни бундан кейин ҳам тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда давом эттирамиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг