МАГАТЭ бош директори ўринбосарининг Ўзбекистонга ташрифи қандай ўтди?
Маълумки, жорий йилнинг 11-13 октябрь кунлари МАГАТЭ Бош директори ўринбосари — Кафолатлар департаменти бошлиғи Массимо Апаро бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди.
«Атом – тинчлик ва тараққиёт учун» шиори остида фаолият олиб борувчи МАГАТЭни кўпчилик, БМТ тизимида ядровий хавфсизлик йўналишида фаолият олиб борувчи халқаро ташкилот сифатида яхши билади. Агентлик ўзининг аъзо мамлакатлари ва кўплаб ҳамкорлари билан биргаликда ядро технологияларидан унумли, самарали ва хавфсиз фойдаланиш ишларини бутун дунё бўйлаб амалга оширади.
МАГАТЭнинг М.Апаро бошчилигидаги делегацияси ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакиллари иштирокида расмий учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланишга доир халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари доирасида ядровий материалларга қўлланиладиган кафолатларнинг имплементацияси ҳамда республикамизнинг ядро энергетика дастури каби масалалар муҳокама қилинди. Учрашув сўнгида М.Апаро, меҳмондўстлик ва ҳамкорлик учун миннатдорчилигини изҳор этиб, Ўзбекистонда атом энергетикаси йўналишида олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтди ҳамда келажакда мустаҳкам алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида қўмита фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилган атом электростанцияси, томонлар учун манфаатли ҳамкорликнинг асоси сифатида хизмат қилишини, бу борадаги ишлар амалга оширилишида МАГАТЭ амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг 1992 йил 9 декабрдаги 760-ХИИ-сон қарори билан Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган.

2006 йилда, Марказий Осиёни ядро қуролларидан ҳоли ҳудудга айлантириш юзасидан келишув имзоланган бўлиб, ушбу тарихий ҳужжатнинг имзоланиши БМТ Бош Ассамблеяси ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб қувватланган, ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам сифатида эътироф этилган.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ядро технологиялари ва атом энергетикаси объектларида радиация ва ядро хавфсизлиги масалаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, назорат қилувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи, шунингдек, атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи ваколатли орган этиб белгиланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг