Маданият вазирлигида ЎзЖОКУ талабалари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари ва унинг қошида ташкил этилган “ПР cлуб” аъзолари билан Маданият вазири ўринбосари Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича матбуот хизмати котиби Мавлуда Асқархўжаева учрашув ўтказди. Дастлаб, М.Асқархўжаева талабалардан бирма-бир ўзлари ҳақидаги маълумотни сўраш орқали суҳбатни бошлади. Бу усул орқали талабаларнинг нутқини текширди. Унинг айтишича, ҳар қандай жойда хоҳ расмий, хоҳ маданий жой бўлсин нутқ сўзловчининг овози жаранглаб туриши керак. Айниқса, исмнинг айтилишига эътибор қаратиш лозим. Бу орқали жамоатчиликнинг эътиборини осонлик билан қозониш мумкинлиги ҳақида тавсиялар бериб ўтди.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4366-сон қарорига мувофиқ “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик қошида волонтёрлар(кўнгилли ёшлар гуруҳи) клубини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ривожлантиришга қаратилган фикр ва таклифлар билдирилди. Ушбу гуруҳ маданий мерос объектларини сақлаб қолиш, қайта тиклашга қаратилган ҳаракат, шунингдек, театр ва кино соҳасига бўлган қизиқишни уйғотиш мақсадида ташкил этилади. Вазирлик масъуллигида махсус фонд ташкил этилиб, унга тушган пул маблағларини маданий мерос объектларини қайта тиклаш ва реконструкция қилиш учун сарфланади.
М.Асқархўжавеванинг айтишига қараганда, театрларимиз фаолиятини яхшилашдан олдин, томошабин маданиятини шакллантиришдан бошлашимиз лозим. Маданий ҳордиқ оладиган жойни енгил тамадди жойига айлантириш ярамайди. Театр асарларига нисбатан муносабат билдиришни ўргатиш зарур. Шундагина биз улар истаган асарларни саҳна юзини кўришига муваффақ бўла оламиз. Ва шу орқали театр ва кино менежментини яратишимиз мумкин.
Учрашув сўнггида вазирликнинг матбуот хизмати ва ЎзЖОКУ қошидаги “ПР клуб” аъзолари доимий равишда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Шунингдек, ташкил этилажак волонтёрлар клубини йўлга қўйиш учун масъул этиб 1-босқич талабаси Шаҳрибону Фармонова ва 2-босқич талабалари Карим Зарипов ва Сирожиддин Пўлатовлар тайинланди.
МУХЛИСА МEЛИЕВА ЎзЖОКУ талабаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг