Латвия элчиси: Бундай тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади
Пойтахтимизда “Тасанно — 2018” деб номланган маданий анъаналар ҳамда миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди.
Унда Германия, Жанубий Корея, ХХР, Россия, Ҳиндистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Бангладеш, Фаластин, Украина, Латвия, Озарбайжон, Вьетнам каби давлатлар элчихоналари, дўстлик жамиятлари, миллий маданият марказлари вакиллари ҳамда мамлакатимизнинг машҳур ошпаз ва ҳунармандлари қатнашди.
Фестивалда Ўзбекистон ташқи сиёсатда дўстона ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Ташкилот бугунги кунда республикамизда фаол “халқ дипломатияси” асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кучайтиришга интилмоқда. Бундан ташқари, юртимизда яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос анъаналари, урф-одатларини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашишда ҳам алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар турли халқларнинг миллий таомларидан татиб кўриш, уларнинг тайёрланиш усуллари ҳақида маълумот олиш баробарида, маданиятлари, қадриятлари ҳамда миллий либослари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Шундай муҳит ҳукм сурдики, кўрсатилган лутф, таклиф этилган ноз-неъматлар ҳар бир иштирокчида ўша мамлакат ҳақида муайян тасаввур уйғотди.
“Ушбу ажойиб фестивални доим интиқлик билан кутамиз. Бундай тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Элчихонамиз вакиллари миллий маҳсулотларимиз, салатлар ва ичимликларни намойиш этди. Улар барчада катта қизиқиш уйғотганидан беҳад мамнунмиз”, — дейди Латвиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Михаилс Попковс.
Якунда ғолиблар ҳам аниқланди. Унга кўра, қозоғистонлик ошпазлар Гран-прига сазовор бўлди. Фаластинликлар биринчи, Украина ва ҳиндистонлик ошпазлар иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Омонулла ФАЙЗИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг