Кувайтлик тарихчининг Ўзбекистон тарихи ҳақида китоби нашр этилди

20:51 16 Февраль 2024 Жамият
774 0

Фото: “Дунё” АА

Ўзбекистон элчихонасида таниқли кувайтлик тарихчи-ёзувчи ва адиб, “Мовароуннаҳр мамлакатлари” китоби муаллифи Нодир ал-Васир билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Тадбир аввалида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар, хусусан, ўзбек тили ва адабиёти ва тарихини Кувайт ҳамда араб давлатларида кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Китоб муаллифи Нодир ал-Васирнинг айтишича, у тарих мутахассислиги бўйича магистратура босқичини тамомлагани ва мусулмон давлатлари тарихига қизиққанлиги боис 2017 йилда илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрган. Шу аснода, унда тарихий шаҳарларимиз ҳақида китоб ёзиш ғояси пайдо бўлган. У, шунингдек, сафар давомида тўпланган маълумотлар асосида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига бағишланган 5 та илмий мақола ёзганини билдирди.

“Мовароуннаҳр мамлакатлари” китобини ёзиш учун 2017, 2018, 2022 ва 2023 йилларда Ўзбекистонга бордим. Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива сингари қадимий шаҳарлар тарихи бевосита ўргандим, маҳаллий олимлардан муҳим маълумотларни йиғдим. Тарихий китоблар билан танишдим. Шунингдек, мисрлик тадқиқотчиларнинг Ўзбекистон тарихи ва қадимий шаҳарлари ҳақидаги илмий мақолалари, магистрлик ва докторлик диссертацияларини ўқиб чиқдим. Араб тилига таржима қилинган ўзбек ва рус олимларининг китоблари ҳам четда қолмади. Натижада “Мовароуннаҳр мамлакатлари” китобини ёзишга ва уни 2023 йилда нашр этишга муваффақ бўлдим”, – деди ёзувчи.

Ушбу китобда Ўзбекистонга ислом дининг кириб келишидан бошлаб, Чор Россияси ишғолигача бўлган даврдаги муҳим ва аниқ маълумотлар ўрин олган. Хусусан, асар сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, мўғуллар, Амир Темур ва темурийлар даври, ўзбек хонликлари тарихига бағишланган боблардан иборат. У 676 саҳифадан, 10 бобдан иборат бўлиб, ҳозирги кунда Кувайт, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Мисрда кенг оммага сотилмоқда.

Муаллифга кўра, Кўрфаз араб мамлакатлари, жумладан Кувайт фуқаролари Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк ўзбек мутафаккир олимларнинг ватани бўлмиш Ўзбекистон тарихи тўғрисида батафсил маълумотга эмас. “Мовароуннаҳр мамлакатлари” китоби эса араблар учун Ўзбекистон тарихи ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун жуда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Кувайтлик тарихчи-ёзувчи суҳбат давомида Ўзбекистондаги осори-атиқалар ва қадимий мадрасаларга бағишланган яна бир китоб ёзишни режалаштираётганини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер