Kun.uz сайти жаримага тортилди

14:42 22 Июнь 2021 Жамият
1059 0

Kun.uz сайти маъмурий иш доирасида жаримага тортилди. Бу ҳақда нашр ўз сайтида маълум қилди.

Қайд қилинишича, 21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайтида эълон қилинган туркум материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилмаганлиги билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилган.

Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторинг кузатув тадбирлари давомида Kun.uz сайти томонидан диний мазмундаги мақолалар жойлаштириб келингани аниқланган.

Мониторингда аниқланган бир қанча материаллар ИИВ ходимларининг гумонига сабаб бўлган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган.

Экспертиза тақдим қилган хулосада юқоридаги материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга даъватлар мавжуд эмаслиги, Ислом давлати қуриш ва халифалик бошқарувини жорий этишга қаратилган даъватлар мавжуд эмаслиги, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ёки мутаассиблик ғоялари билан йўғрилмаганлиги, фуқаролар ўртасидаги тотувликни бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар, миллий, ирқий, этник ва диний адоватни тарғиб қилувчи маълумотлар мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Лекин, экспертнинг фикрига кўра, нашр эълон қилган хабарларнинг бирини тарқатиш тақиқланган.

Мазкур материаллар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 10-сонли қарори талабларига зид равишда тайёрланганлиги сабабли Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши қайд этилган.

Юқоридаги эксперт хулосалари асосида бўлиб ўтган маъмурий судда Kun.uz раҳбари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

«Албатта, Kun.uz аввало мамлакатда қонунларга барча бирдек риоя этишга масъул эканлигини эътироф этган ҳолда, келгусида диний мавзудаги ҳар қандай материаллар ва хабарлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказибгина бериб борилишини маълум қилади», дейилади нашр тарқатган хабарда.

Kun.uz нашри раҳбарининг жаримага тортилгани айтилган мазкур хабар эълон қилингандан (кеча, 21 июнь, 20:42) сўнг нашр ўз сайтида материаллар эълон қилишни тўхтатди. Бугун 22 июнь кун давомида таҳририят бирорта материал эълон қилмади. Бу эса таҳририятнинг ўзига хос, ноодатий норозилик кўриниши дея баҳоланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер