Кунига 10 минг қадам, саломатлик ва коммунал тўлов...
Фото: "Халқ сўзи"
Ҳар куни 10 минг қадам масофани пиёда босиб ўтган кишининг соғлом бўлиши - бу муқаррар, лекин коммунал тўловнинг қандай алоқаси бор, деб ажабланаётгандирсиз балки.
Қарши шаҳридаги Темирйўлчи маҳалласида яшовчи Илҳом Қораев фикрларини эшитсангиз, бу саволга аниқ жавоб топасиз.
-Ишхонам ва уйим ўртасидаги масофа 4,5 километр, шунча масофа босиб ишга пиёда бораман ва пиёда қайтаман,- дейди Илҳом ака. –“Соғлом турмуш тарзи” платформасида иштирок этяпман. Платформада id.egov.uz сайти орқали рўйхатдан ўтганман. Бунинг эвазига платформадаги электрон ҳамёнимга кунига 3 минг сўм маблағ келиб тушмоқда. Шу тариқа пиёда юриб, ойига 90 минг сўм топаётирман. Шу пулни коммунал тўловларга сарфлаяпман. Ёзда электр, газ ва сув тўловларига пиёда юриш эвазига топган пулим етади, қишда сув ва электр харажатини қоплайди.
Илҳом Қораев 58 ёшда. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси моддий-техник база, қурилиш ва эксплуатация бўлими бошлиғи вазифасида хизмат қилмоқда. Айтгандай, Илҳом аканинг бир неча ҳамкасблари унга ҳавас қилиб, пиёда юришни бошлаган.
-Тўғриси, мен бундан фақат пул топишни ўйлаётганим йўқ, - дейди И. Қораев.- Пиёда юрмаган пайтларимда қон босимим тез-тез кўтарилиб турарди. Вазним ҳам жуда оғир эди. Мана, 7 ойдан буён яёв юриб, касалликни енгдим. Ҳозир жуда енгилман, қон босимим борасида шикоятим йўқ.
Илҳом Қораевнинг тўрт ўғли, 2 қизи бор. Ҳаммаси уйли-жойли, бола-чақали. Набиралар иродаси мустаҳкам ва соғлом бобоси билан фаҳрланишади. Улар ҳам бобоси каби “Соғлом турмуш тарзи” платформасида фаол иштирок этишга интилишмоқда.
Пиёда юриб, ўз соғлигини муҳофаза қилаётгани И. Қораевга даромад келтирмоқда. Бу яхши. Унинг бу саъй-ҳаракати оммавий тус олса, кўплаб одамлар пиёда юришни одатга айлантирса, аҳоли ўртасида, айниқса, қон-томир, қандли диабет каби касалликлар чекинади. Аслида давлатимиз ҳам шуни истайди.
Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг