Кучли зилзилани прогноз қилишнинг янги усуллари ишлаб чиқилмоқда

14:15 24 Июнь 2024 Жамият
422 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Бундан эллик саккиз йил аввал, 1966 йилнинг 26 апрель тонгида Тошкент шаҳри аҳлини даҳшатга солган зилзила ҳодисасини кекса авлодлар ҳозиргача эслайди. Ўшанда катта қисми вайрон бўлган шаҳар қайта қурилди. Бу мудҳиш офатдан илғор фан-технологиялар ривожланган мамлакатларда ҳам қутулишнинг иложи йўқ. Аммо кутилмаганда ер ости бўронидан зарар кўрмаслик, инсон ҳаётини, қурилиш иншоотларини сақлаб қолиш имконияти бор. Йил сайин ривожланаётган зилзилашунослик фани ер қимирлашини олдиндан кузатиш имкониятига эга бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда табиий офатларни олдини олиш ва уларнинг зарарли оқибатларини камайтириш масаласига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Айнан, шу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти қатори ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг иштироки ҳам йўлга қўйилди.

Наманган муҳандислик қурилиш институти олимлари томонидан сейсмик, зилзилабардошлик бўйича иккита лойиҳа ишлаб чиқилди. Улардан бири «Аҳолининг барча қатламини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган масофавий курсини ташкил этиш учун миллий электрон платформасини яратиш» мавзуида бўлиб, унинг амалга оширилиши натижасида корхона, ташкилот, муассасалар ходимлари ва фуқароларни масофадан ўқитиш имконияти яратилди. Ушбу платформа ишга туширилгач, 70 мингга яқин фойдаланувчи белгиланган ўқув курсини онлайн тугатиб, 55 мингга яқин кишига сертификат берилди.

Кейинги лойиҳа бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш масаласига бағишланган бўлиб, институт тадқиқотчилари ер ости иншоотлари ва муҳандислик тармоқларини зилзилавий ҳудудларда қуришнинг талабларини рақамлаштириш устида иш олиб боришди. Унга мувофиқ зилзила пайтида тупроқ ҳолатидан келиб чиқиб, ер ости қувурларига салбий таъсирнинг олдини олишга қаратилган меъёрий дастур яратилди. Бу лойиҳачи ва қурувчилар ишини енгиллаштиради.

— Ҳар икки лойиҳани Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги сейсмология, иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўтказилган танловда ютиб олдик, — дейди факультет декани Абдураҳим Қаҳҳоров. — Илмий изланишларимиз жамғарма томонидан 800 миллион сўм маблағ билан молиялаштирилиб, уларни ишлаб чиқишга илмий тадқиқотчилар, бир қатор ўқитувчи ва иқтидорли талабалар жалб этилди.

Айни пайтда тадқиқотлар самарадорлигини ошириш мақсадида институтимиз бир миллиард сўмлик қийматда лаборатория ускуна ва жиҳозларга эга бўлди. Лойиҳаларимиз Адлия вазирлиги қошидаги интеллектуал мулк агентлигининг тегишли дастур гувоҳномасини олди.

Институт олим ва тадқиқотчилари ер силкиниши вақтида кузатиладиган магнитуда ҳақидаги прогнозларни рақамлаштириш бўйича ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Бу аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш билан алоҳида аҳамиятга эга. Бундан ташқари, хўжалик иншоотларини қуришда уларнинг зилзилабардошлигини ошириш бўйича тавсия берадиган электрон платформа ишлаб чиқиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Бу рақамлаштирилган харита орқали Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди бўйича илмий асосланган маълумотларни тақдим этиш имконини беради.

Дунёда кучли зилзилаларни прогноз қилишнинг янги усуллари қандай самара бераётганини биргина Тайван давлати мисолида ҳам кўриш мумкин. Тайванда жорий йилнинг 3 апрель куни 7.4 баллик зилзила содир бўлди. Бу ерда 1999 йилда ҳам 7.6 баллик ер силкиниши рўй берган, унда жуда кўплаб ижтимоий объектлар, турли бино ва иншоотларга катта талафот етиб, кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган эди. Ушбу давлатнинг зилзилабардошлик ва сейсмик соҳаси бўйича 25 йиллик ҳаракати натижаси 2024 йилдаги ер қимирлаши вақтида ўз самарасини кўрсатди. Талафот ва йўқотишлар аввалгидан кескин кам бўлди. Бу долзарб масалада асосий эътиборни табиий офат пайтида қандай ҳаракатланишдан тортиб, зилзилага оид барча билимларни мактабгача, мактаб, олий ўқув юртлари ва барча қатламдаги аҳолига етказишга муваффақ бўлингани самараси экани эътироф этилмоқда. Демак, аҳолини тайёрлаш орқали барча кўнгилсизликлар, фожиа ва талафотларни минималлаштиришга эришиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер