Козим Қаюмов: “Зўрлар ичидан зўри”ни ажратиб олиш масъулият юкламоқда

Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги “Фарҳод” Маданият саройи томонидан “Қизилқум овози” қўшиқлар кўрик-танлови ўтказилди.
Уч кун давом этган кўрик танловда НКМК тасарруфидаги маданият муассасаларида эстрада йўналишида ижод қилаётган 30 нафар ёш истеъдод иштирок этди. Ҳакамлар уларнинг ижро маҳорати, овоз имконияти, шунингдек, либос ва саҳна маданиятини баҳолаб боришди.
— Мен кўплаб кўрик танловларда ҳам ҳакамлик қилганман, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Козим Қаюмов. — Уларнинг барчасида йил сайин янги-янги иқтидорлар юзага чиқаётганлиги бир томондан бизни мамнун этса, иккинчи тарафдан “зўрлар ичидан зўри”ни ажратиб олиш анча-мунча масъулият ҳам юкламоқда.
Бу гал ўн учинчи бор ташкил этилган танлов якунида “Фарҳод” Маданият саройининг “Байрам” ансамбли солисти Анатолий Назаров гран-при соҳиби, Зармитан шаҳридаги “Кончи” Маданият саройи аъзоси Маҳлиё Худойқулова эса 1-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, Сабина Қодирова иккинчи, Хуршид Деҳқонов эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг