Косон бозорида расталар бўш, савдо-сотиқ ташқарида...
Косон туман марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори ўзининг тўкислиги, нарх-навонинг нисбатан арзонлиги билан ном қозонган. Шу боис ҳам бу ерга нафақат туман, балки вилоятнинг турли ҳудудларидан келиб савдо-сотиқ қилувчилар кўп. Доимо одам гавжум.
Бироқ бозордаги орасталик, тартиб-интизомга ҳавас қилиб бўлмайди. Аксарият сотувчилар ўз маҳсулотларини бозор ташқарисидаги очиқ майдонга, йўл бўйларига қўйиб сотишмоқда. Кимдир йўл бўйида турли енгил таомларни тайёрлаб сотаётган бўлса, бошқа бирови унинг ёнига мева-чеваларини ёйиб, харидорларни чорлашмоқда. Бу ердаги тартибсизлик, тиқилинчдан кишининг йўл топиб юриши қийин. Димоғни бўғадиган бадбўй ҳид ва чанг-тўзонни эса айтмаса ҳам бўлади.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан турли назорат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ушбу бозорда ўтказилган тадбирда бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Аслида бозорда орасталикни, саранжом-саришталикни таъминлаш учун ҳамма имконият мавжуд. Бир неча йил олдин бозор таъмирланган, юзлаб янги-дўконлар, минглаб расталар қурилган. Айни пайтда бозор ичидаги 60 дан ошиқ дўкон, етти юзга яқин расталар бўш турибди.
Бироқ тадбиркору деҳқонлар ўз маҳсулотларини ана шу дўкон ва расталарда эмас, балки ҳудуддаги автомашиналар тўхташ жойи, йўл бўйларига қўйиб сотишмоқда. Натижада автомобиллар туриши учун қурилган майдон ноқонуний “бозорча”га айланиб қолган, машиналарни қўйишга эса жой йўқ. Бу одамлар уловини йўл бўйида қолдириб, марказий кўчада “пробка”лар ҳосил қилишига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, шундоқ оёқ остига қўйиб сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, шу ерда тайёрланиб, хўрандаларга тортиқ этилаётган таомлар ҳеч бир санитария меъёрларига тўғри келмайди.
— Сотувчилар бемалол бозор ичига кириб, бўш расталарда савдо қилиши мумкин, — дейди бозор масъул ходими Раъно Қурбонова. — У ерда санитария-гигиена талабларини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Биз ҳар куни тадбиркорларга шуни тушунтиришга уринамиз. Лекин кўпчилик бунга амал қилмайди, ташқарида савдо қилишни маъқул кўришади.

Тадбир иштирокчилари бозор ташқарисида савдо қилаётган сотувчилар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг ҳам фикрларини тинглашди. Ўзини Дилрабо Тўраева деб таништирган сотувчи аёлнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам бозор ичида бўш расталар кўп. Маҳсулотини растага қўйиб сотиш унга ҳам қулай. Бироқ кимдир келаётган харидорни “биринчи илинтириш” мақсадида маҳсулотини дарвоза ташқарисига олиб чиқади. Кейин бошқалар ҳам шундай қила бошлайди. Қарабсизки, бозор ташқариси гавжум бўлиб, ичкаридаги расталарга харидор бормай қўяди.
— Яна бир томони, бозор ташқарисида савдо қилаётганларнинг аксарияти ҳеч қандай тўлов тўламайди, — дейди у. — Шунинг учун ҳам кўпчилик ташқарида савдо қилишни афзал билади. Агар ҳамма тартибга бир хил амал қилса, мен ҳам жон деб бозор ичида савдо қилардим.

Тадбир давомида туман ҳокимлиги, турли назорат ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан бозор ташқарисида ноқонуний савдо қилаётган фуқароларга яна бир маротаба бу ишининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунча берилди. Эндиликда ўрнатилган тартиб-интизомга амал қилмасдан, белгиланмаган жойда савдо қилиш учун қонун доирасида қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди. Зеро, бозорда тўкислик ҳам, тозалик ва саришталик ҳам, тартиб-интизом ҳам бўлиши зарур.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг