Коронавирус тарқалиши аввалдан маълуммиди?

16:01 27 Январь 2020 Дунё
11212 0

Хитой ҳукумати саксондан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўлган хавфли вирус тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, хасталикки чалинганлар сони 2700 дан ошади. Янги вируснинг марказига айланган Хубэй провинциясида иккита шаҳар кириш ва чиқиш учун ёпилган бўлса, бир қанча шаҳарларда жамоат транспорти чекланган.

Нафас олиш тизимига таъсир қилувчи ва одамдан одамга тез юқадиган вирус АҚШ, Таиланд, Жанубий Корея, Вьетнам ва Саудия Арабистони, Австралия, Непал, Малайзия, Япония, Канада ва Францияга ҳам кириб боргани айтилмоқда.

22 январь куни Хитой ҳукумати 11 миллион аҳолига эга бўлган Хубэй провинциясининг Ухань шаҳрини карантинга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шаҳарга олиб борадиган барча йўллар ёпилди ва бошқа транспорт турлари тўсиб қўйилди. 23 январь куни эса Хубэйдаги яна бир шаҳар — 7 миллион аҳолиси бўлган Хуанган ҳақида ҳам шундай қарор қабул қилинди. Шаҳарга борадиган барча поездлар ва самолётлар, шунингдек, шаҳарлараро транспорт бекор қилинди. Эчжоу шаҳрида темир йўл станциялари ёпилди, Сяньтао и Чибида жамоат транспорти чекланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Гауден Галеа эса “11 миллион аҳолиси бўлган шаҳарни карантин қилиш осон эмас“, дея таъкидлади. ЖССТ ҳозирда янги вирус тарқалиши муносабати билан халқаро фавқулодда вазиятни эълон қилиш керакми ёки йўқлигини муҳокама қилмоқда.

Карантин ёрдам берадими?
Мутахассислар бундай чора-тадбирлар самарадорлигига шубҳа қилишмоқда. Ваҳоланки, дунёдаги 42-йирик шаҳар бўлган бу ҳудудни ташқи дунёдан ажратиб олиш қийин бўлади.

“Бундай шароитда ягона йўл — бу армияни шаҳарни ҳалқа ичига олиш учун сафарбар этишдир“, деди Сидней университетининг соғлиқни сақлаш бўйича мутахассиси Адам Камрадт-Скот.

“Аммо бу чора ҳам фойда бермаслиги мумкин”, дея қўшимча қилди мутахассис.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мутахассиси Гауден Галеа бўлса “Associated Press”га берган интервьюсида “Менинг билишимча, 11 миллион аҳолиси бўлган шаҳарда вирусни ушлаб туриш бу ҳақиқатга яқин ҳолат эмас“, дея маълум қилди.

Коронавируснинг янги турининг тарқалиши билан боғлиқ ташвишлар фонд биржаларига ҳам таъсир қилди: 23 январь куни Хитой индекслари тахминан 3 фоиз йўқотди.

Расмийларнинг сўзларига кўра, янги вируснинг манбаси Ухандаги бозор бўлиб, у ерда тирик парранда ва чорва молларини сотишга тақиқ аллақачон жорий қилинган бўлса-да, денгиз маҳсулотлари, қушлар, илонлар, қуёнлар ва бошқа ҳайвонлар сотилган.

“Биз юқумли касаллик ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси олиб борилаётган бозордан келиб чиққанини аниқладик. Эҳтимол, вирусни ҳайвон юқтирган ва кейин одамларга юқтирган”, деди Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази директори Гао Фу.

Коронавирус башорат қилинганмиди?
“Инфекциялар” китобининг муаллифи Дэвид Куамменнинг Би-би-сига берган шарҳида айтилишича, Хитойда коронавирус пайдо бўлиши шифокорлар учун кутилмаган ҳодиса бўлиши мумкин эмас.

“Ушбу касалликнинг “энг ажойиб хусусиятлари”дан бири унинг олдиндан башорат қилингани эди”, деди ёзувчи ББCга берган интервьюсида.

“Мен буни ўзим олдиндан башорат қилган бўлардим, демоқчимасман. Зеро, мен олим ёки соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддиси эмасман. Аммо “Инфекциялар” китобим қилинган изланишларим жараёнида кўплаб мутахассислар билан гаплашганман”, деди Куаммен.

“Мен улардан навбатдаги йирик эпидемия қандай бўлишини сўраганимда улар қуйидагиларни айтишганди: “Эҳтимол, бу қандайдир битта тўрли РНК вируси, масалан, коронавирус бўлар. У ҳайвонлардан келиб чиқади ва ҳаво томчилари орқали юқади. Эҳтимол, касаллик Хитой чорвачилик бозорида пайдо бўлар!”

Куамменнинг фикрича, тирик ҳайвонлар — товуқлардан тортиб кўршапалакларга қадар сотиладиган Хитой бозорлари янги вирусларнинг ҳақиқий инкубатори ҳисобланади.

Ўзбекистонда коронавирусдан сақланиш учун нималар қилинмоқда?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус билан боғлиқ вазиятларни ўрганди ва қуйидагиларни маълум қилди:

Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусда гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилди. Республикадаги аэропорт ва темир вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лоборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан коронавирус инфекциясининг янги турини юртимиз ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Коронавируснинг янги тури (nCoV) қарши олиб бориладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш тўғрисидаги методик услубий қўлланма ҳам тайёрланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер